Спорт | 11:30 / 04.05.2018
25254
2 дақиқада ўқилади

Туркия футболида можаро - президент Эрдўғаннинг аралашуви ҳам фойда бермади

Истанбулнинг «Бешиктош» клуби раҳбарияти ўз сўзида турди ва Туркия Кубоги яримфиналидан ўрин олган «Фенербахче»га қарши такроран ўтказиладиган ўйинда майдонга тушмади.

Маълумки, 1/2 финалнинг жавоб баҳсида «Фенербахче» мухлислари «бургутлар» устози Шенол Гюнешнинг бошини ёрган, ўйин эса 57-дақиқада тўхтатилган эди.

Фото: AFP

Мусобақа регламентига кўра, «канарейкалар»га техник мағлубият ёзилиши шарт эди. Аммо, вазиятга бир қатор сиёсатчилар, шу жумладан Туркия президенти Режеб Эрдўған аралашганидан сўнг, мамлакат футбол федерацияси ўйинни 57-дақиқадан бошлаб, ёпиқ трибуналар остида ўтказиш ҳақида қарор чиқарди.

Аммо «Бешиктош» раҳбарияти бу қарорни қоралаб чиқди ва 3 май куни давом эттирилиши лозим бўлган ўйинга ташриф буюрмади.

Фото: AA.COM.TR

Натижада, «Фенербахче» мусобақа финалига йўл олди. «Бургутлар» эса техник мағлубиятдан ташқари, кейинги мавсум мусобақасидан ҳам четлатилди. Шунингдек, улар жорий мавсумда қўлга киритган 800 минг евро миқдоридаги мукофотни ҳам қайтаришлари шарт.

Энди Туркия Кубоги финалида «Фенербахче» ва «Оқҳисор» клублари беллашади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид