20:48 / 05.05.2018
7371

АҚШ армияси нейротармоқлар эвазига аскарларни 13 марта тезроқ ўқитмоқда

Фото: Святослав Иванов

Жанубий Калифорния университети ва АҚШ армияси лабораториялари олимлари аскарларга диққат-эътибор, хотира ва рационалликни машқ қилишга имкон берувчи сунъий онг тизимини яратишди. Бу тизим орқали аскарларни ўқитиш 13 марта тезлашган, деб ёзмоқда EurekAlert нашри.

Сунъий онг технологияси жангчиларга дунёнинг турли жойларидаги жанглар ҳақидаги маълумотларни бирлаштириб, қайта ишлашга имкон берувчи, аскарларни ўқитиш тизимининг бир қисми бўлади. Бундан ташқари, нейротармоқ нафақат ўргатувчи унсур, балки жанг вақтида маслаҳатчи бўлиши ҳам мумкин – унинг ёрдамида статистик хатолардан ёки йил фасли ва ландшафтга хос бўлган камчиликлардан қочиш мумкин бўлади.  

Олимлар тизимни яратишда дастурланувчи вентил матрицалар – сунъий онг яратиш учун микрочипларни қўллашган. Бу уларни ҳарбий техника ва аскарларнинг жанговар костюмларига ўрнатишга ҳамда электр истеъмолини 10 марта камайтиришга имкон беради.

Армияда сунъий онг нафақат аскарларни, балки роботларни ўқитиш учун ҳам қўлланади. АҚШ армияси лабораториялари ва Техас университети олимлари роботларни инструктор инсон билан ҳамкорликда вазифаларни бажаришга ўргатувчи алгоритм ишлаб чиқишди.

Top