Жаҳон | 19:10
813
4 дақиқада ўқилади

Си Жинпинг Трампни АҚШ ва Хитой ўртасидаги «низо» хавфи туфайли Тайван масаласида эҳтиёткор бўлишга чақирди

14 май куни Пекинда бўлиб ўтган учрашувда Хитой етакчиси Си Жинпинг АҚШ президенти Доналд Трампни Тайванга нисбатан шошилинч ҳаракатлар икки давлат ўртасида «низо»га олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Фото: EPA/ MAXIM SHEMETOV / POOL

«Тайван масаласи Хитой-Америка муносабатларида энг муҳим мавзу ҳисобланади, - деди Си, музокаралар бошланганидан кўп ўтмай пайдо бўлган Хитой давлат оммавий ахборот воситалари хабарларига кўра. - Агар бу масалага тўғри ёндашилса, икки томонлама муносабатлар умуман барқарор бўлиши мумкин. Агар ёндашув нотўғри бўлса, икки давлат ўртасида тўқнашув ёки ҳатто можаро келиб чиқиши мумкин, бу эса бутун Хитой-Америка муносабатларини ўта хавфли вазиятга солиб қўяди». Бу ҳақда BBC хабар берди.

Унинг қўшимча қилишича, Тайван мустақиллиги Тайван бўғозидаги тинчлик билан «принципиал жиҳатдан мос келмайди». Шу билан бирга, унинг сўзларига кўра, бўғоздаги тинчлик «Хитой ва АҚШ ўртасидаги энг катта алоқа нуқтаси»дир.

Пекиндаги учрашув икки соат давом этди, бу кутилганидан анча узоқ эди ва тахмин қилинишича, савдо ва Эрондаги уруш масалаларига бағишланди.

Си АҚШ ва Хитой «рақиб эмас, балки ҳамкор» бўлиши кераклигини айтди. У Хитой ўз ҳудуди деб ҳисоблайдиган Тайванга Америка қуролларини етказиб беришни кечиктириш ёки қисқартиришни талаб қилмоқда.

Музокаралардан сўнг, Доналд Трамп АҚШ ва Хитойни «ажойиб умумий келажак» кутаётганини таъкидлаб, Си Жинпингни «буюк етакчи» ва «дўст» деб атади. У музокараларни «ажойиб» деб таърифлади ва журналистларга Хитой гўзал мамлакат эканини айтди. Бироқ у Си Жинпингнинг Тайван ҳақидаги баёнотларига изоҳ бермади.

Кейинроқ Оқ уй икки давлат раҳбарлари «мамлакатлар ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлларини, жумладан, Америка компанияларининг Хитой бозорига киришини кенгайтириш ва саноат тармоқларига Хитой сармояларини кўпайтиришни муҳокама қилганини» маълум қилди.

Трамп Хитойга ўндан ортиқ йирик компаниялар раҳбарлари, жумладан, Nvidia’дан Женсен Ҳуанг, Apple’дан Тим Кук, Tesla ва SpaceX эгаси ва бош директори Илон Маск ҳамроҳлигида борди. У Хитойни Америка товарларини сотиб олишни кўпайтиришга ишонтиришга ҳаракат қилмоқда.

Америка компаниялари раҳбарлари билан учрашувда Си Хитой Америка бизнеси учун янада очиқ бўлишини айтди ва АҚШ компаниялари Хитой бозорида кенгроқ имкониятларга эга бўлишини таъкидлади.

Оқ уй, шунингдек, президентлар Трамп ва Си Эрон ҳеч қандай ҳолатда ядро қуролига эга бўлмаслиги ва Ҳўрмуз бўғози очиқ қолиши кераклиги ҳақида келишувга эришганини маълум қилди.

«Президент Си, шунингдек, Хитой бўғознинг ҳарбийлаштирилишига ва ундан фойдаланиш учун тўлов жорий этишга қаратилган ҳар қандай уринишларга қарши эканини аниқ билдирди, шунингдек, келажакда Хитойнинг ушбу бўғозга қарамлигини камайтириш учун Америка нефтини сотиб олишни кўпайтиришдан манфаатдорлигини билдирди», дейилади Оқ уй баёнотида.

Шу билан бирга, Хитой Ташқи ишлар вазирлигининг Трамп ва Си учрашуви ҳақидаги баёнотида Эрон мавзуси деярли тилга олинмаган. Унда айрим жумлалар савдо ва Тайванга бағишланган, аммо Эронга эмас — фақат президентлар бошқа халқаро масалалар қаторида «Яқин Шарқдаги вазият бўйича фикр алмашгани» қайд этилган.

АҚШ Хитойнинг Эронни музокаралар столига қайтаришга ёрдам беришини истайди, Хитой эса эҳтиёткорлик билан воситачи ролини ўйнаб, можарода бевосита иштирок этишдан қочмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид