2026 йил апрел ойида БААда жойлашган, булутларни экиш билан шуғулланувчи махфий марказ Эрон ҳужумига учрагани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Ижтимоий тармоқларда айни шу воқеадан кейин Эронда қурғоқчилик тугагани, дарёлар тўлгани ва ҳатто чўлларда қор ёғгани ҳақидаги гап-сўзлар урчиди.

Инсоният ўзининг бутун тарихи давомида табиат ҳодисалари, хусусан, об-ҳаво ва иқлим ўзгаришларини тушуниш ҳамда уларни тўлиқ назорат қилишга интилиб келади. Чунки қишлоқ хўжалигидаги ҳосилдорликдан тортиб йирик ҳарбий кампанияларнинг муваффақиятигача бўлган жуда кўп омиллар ёғингарчилик миқдори, шамол йўналиши ва ҳарорат ўзгаришига бевосита ва билвосита боғлиқ.

Бугунги кундаги илм-фан ва технологиянинг мисли кўрилмаган тараққиёти ўта зиддиятли бир саволни юзага келтиряпти: инсоният табиат ҳодисаларини сунъий равишда бошқариб, улардан душманга қарши қирғинбарот қурол сифатида фойдаланяптими?

Ҳаммаси нимадан бошланди?

Ўтган ойда ироқлик депутат Абдулла ал-Ҳайканий Эрон, Ироқ ва Туркия ҳудудларида кузатилган ноодатий кучли ёмғирлар фонида жиддий иддао билан чиқди. Гўёки АҚШ ва унинг иттифоқчилари ҳарбий тўқнашувлар туфайли ҳаво ҳудудлари ёпилгани учун ўзларининг иқлим қуролларини қўллашни вақтинча тўхтатишга мажбур бўлган ва натижада минтақага яна ёмғирлар қайтди.

Унинг гаплари ижтимоий тармоқларда вирусдай тез тарқалди. Депутатнинг тарафдорлари сирли самолётлар йиллар давомида Эронга кириб келаётган булутларни қасддан тарқатиб юбориш ёки йўналишини ўзгартириш орқали мамлакатда сунъий қурғоқчилик келтириб чиқараётганини таъкидлашяпти.

Ироқ жанубидаги Майсан вилоятида жойлашган Ҳавиза ботқоғига узоқ давом этган қурғоқчиликдан кейин ёғингарчилик сабаб сув қайтган. Фото: Hussein Faleh/AFP

Ироқ Метеорология хизмати вакили Амир ал-Жабрий бу хабарларни илмий ва мантиқий асосга эга эмас дея изоҳлади. У уруш давридаги ҳаво йўлларининг ёпилиши билан ёмғирнинг қайтиши ўртасида қандайдир сабаб-оқибат боғлиқлиги борлиги ҳақидаги даъволарни тўлиқ инкор этди