Ўзбекистон | 20:08 / 06.05.2018
30332
2 дақиқада ўқилади

Paynet савдо белгиси остида аҳолидан тўловларни қабул қилиш тўхтатилмайди

Фото: Paynet савдо белгиси

Бир неча йиллардан буён фаолият олиб бораётган ​UzPaynet​ МЧЖ тугатилади ва Халқ банкида жисмоний шахслардан етказиб берувчилар олдидаги ўз пуллик мажбуриятларини бажариш учун тўловлар қабул қилиш хизматларини кўрсатиш бўйича таркибий бўлинма тузилади. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Телеграмдаги «Ҳуқуқий ахборот» каналида хабар берилмоқда.

Халқ банки ва «Микрокредитбанк»ининг молиявий ҳолатини яхшилаш ҳамда фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди.

Қарор билан Халқ банки ва Микрокредитбанкни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгилаб берилди.

Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасига қишлоқ жойларида оилавий ва кичик тадбиркорлик, ҳунармандчилик, чорвачилик ва қуён етиштиришни ривожлантиришга ажратиладиган кредитлар бўйича кафиллик беришда мазкур банклар билан ҳамкорликни кенгайтириш топширилди.

Қарорга мувофиқ, UzPaynet​ МЧЖ тугатилади ва Халқ банкида жисмоний шахслардан етказиб берувчилар олдидаги ўз пуллик мажбуриятларини бажариш учун тўловлар қабул қилиш хизматларини кўрсатиш бўйича таркибий бўлинма тузилади.

UzPaynet юристининг Kun.uz'га маълум қилишича, эндиликда Халқ банки таъсисидаги Paynet бренди остида аввалги тўлов хизматлари давомий кўрсатилади. 

«Ҳозирги вақтда интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда «Ўзбекистонда PAYNET фаолияти тўхтатилади» мазмунидаги хабарлар тарқалмоқда.

UZPAYNET компанияси шуни маълум қиладики, PAYNET савдо белгиси остида аҳолидан тўловларни қабул қилиш фаолияти тўхтатилмайди», дейди юрист.

Мавзуга оид