17:54 / 07.05.2018
28239

Kun.uz президент ташриф буюрган мактабда бўлди (фотожамланма)

Жорий йилнинг 3 май куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги Исҳоқхон Ибрат номидаги мажмуани бориб кўрди. Мазкур комплекс давлат раҳбари ташаббуси билан ташкил қилинган, 2017 йилнинг июлида президент мажмуанинг қурилиш жараёни билан танишган эди.

Исҳоқхон Ибрат мамлакатимиздаги илк матбаачилардан бири бўлган. У 1908 йилда Оренбургда литографик машина харид қилиб, поездда уни Қўқонга олиб келган, сўнгра туялар ёрдамида Тўрақўрғонга етказган ва ўз уйида "Исҳоқия" босмахонасини очган. Ушбу босмахона ўтган асрнинг 60-йилларигача фаолият юритган. Бу вақт оралиғида у ерда кўплаб илмий-маърифий китоблар ва монографиялар, миллий газеталар чоп этилган. Уларни тарқатиш учун Фарғона водийсида ўнлаб китоб дўконлари очилган. 

13 миллиард сўмдан ортиқ лойиҳа қийматига эга мажмуада боғ, миллий услубдаги айвон, босмахона, фаввора, музей, шунингдек хорижий тилларни ўрганишга ихтисослаштирилган 400 ўринли мактаб-интернат жойлашган. 

Мактабда инглиз, немис, француз, рус, араб, хитой, корейс тиллари ва уларнинг филологияси ўргатилади. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Тошкент давлат шарқшунослик институти, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилади. Ўқув жараёнларига хорижлик кўнгиллилар ҳам жалб этилади. 

Музейда Исҳоқхон Ибратнинг ҳаёт йўли ва фаолияти тарихи билан танишиш мумкин.

Top