Жаҳон | 08:29 / 07.05.2018
24291
2 дақиқада ўқилади

Путин бугун яна Россия президенти лавозимини эгаллайди

Фото: РИА Новости / Алексей Дружинин

Россия президенти этиб қайта сайланган Владимир Путин душанба куни давлат раҳбари лавозимига киришади. Унинг сиёсий фаолиятида ушбу инаугурация маросими тўртинчи бўлади. Путин Россияни келаётган олти йил давомида бошқаради.

Путин 2000 йилда президент бўлди, 2004 йилда у янги муддатга қайта сайланди. У 2008 йилги сайловларда иштирок этмади, сабаби, Конституцияга кўра, бир киши қаторасига уч маротаба ўз номзодини қўйиши мумкин эмас. Путин Дмитрий Медведевни президентликка номзод сифатида қўллаб-қувватлаб, 2008 йилнинг майида мамлакат бош вазири лавозимини эгаллади. Ўша йили Конституцияга ўзгартиришлар киритилди, уларга кўра президент энди тўрт эмас, балки олти йилга сайланади.

Путин 2012 йилда яна давлат раҳбарига айланди, 2018 йилда эса сайловларда рекорд кўрсаткич билан ғалаба қозонди – 56,4 миллион сайловчи унга ўз овозини берди. Инаугурация маросими замонавий Россия тарихида еттинчиси бўлади, анъанага кўра у давлат раҳбарининг махсус қароргоҳи – Катта Кремль саройида бўлиб ўтади.

Тадбир туш вақтига яқин бошланади ва тахминан 50 дақиқа давом этади. Тўғридан-тўғри трансляция олтита етакчи телеканал томонидан эфирга узатилади. Кремль яқинида ва ичида осма телекамералар учун махсус ускуналар ўрнатиб бўлинган, улар тасвирни “қуш парвози” баландлигидан узатади.

Инаугурациядан сўнг лавозимига киришган президент Давлат думасига бош вазир номзодини кўриб чиқиш учун киритиш ҳуқуқига эга, бу қачон қилинишини эса давлат раҳбарининг ўзи ҳал этади.

Маросимда иштирок этувчилар рўйхати президент протокол хизмати билан аниқланган. Маросимда ҳукумат аъзолари, Дума депутатлари ва Федерациялар Кенгаши вакиллари, президент маъмурияти раҳбарлари, Конституцион суд судьялари, дипломатик корпус ходимлари мажбурий тарзда қатнашади. Путин лавозимига биринчи марта бўйдоқ сифатида киришади, у собиқ рафиқаси Людмила билан 2013 йилда ажрашган.

Мавзуга оид