Жаҳон | 00:39 / 08.05.2018
10249
2 дақиқада ўқилади

Дмитрий Медведев Россия ҳукуматининг янги таркибига номзодларни таклиф қилди

Фото: РИА Новости / Екатерина Штукина

Россия бош вазири вазифасини бажарувчи Дмитрий Медведев “Единая Россия” партияси депутатлари билан учрашувда вазирлар маҳкамасининг янги таркибига номзодларни таклиф қилди.

У иқтисодиёт ва молия соҳаси учун жавобгар сифатида Антон Силуановни, ижтимоий муҳофаза, меҳнат, пенсия таъминоти ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги сиёсатни амалга ошириш учун жавобгар сифатида Татьяна Голикова номзодини таклиф қилган.

Медведев собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Алексей Гордеевни қишлоқ хўжалиги бўйича, Виталий Муткони қурилиш масалалари бўйича бош вазир ўринбосарлари лавозимига таклиф қилган.

Медведев транспорт, алоқа, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш масалалари бўйича жавобгар лавозимига Максим Акимовни таклиф қилган.

У, шунингдек, Дмитрий Козакни саноат ва энергетика, Ольга Голодецни маданият ва спорт, Юрий Борисовни мудофаа-саноати мажмуасини ривожлантириш масалалари бўйича бош вазир ўринбосарлари, Константин Чуйченкони вазирлар маҳкамаси аппарати раҳбари лавозимларига таклиф қилган.

Медведев ҳозирча ҳукуматнинг раҳбарлик таркиби муҳокама қилинаётганини айтган. “Единая Россия”даги манба Медведев вазирлар лавозимларига номзодларни айтмаганини маълум қилган. 

Медведев депутатлар билан маслаҳатлашувларни Россия президенти Владимир Путин бош вазир лавозимига унинг номзодини таклиф қилгандан кейин бошлаган. Давлат думаси Путиннинг таклифини 8 майдаги ялпи мажлисда кўриб чиқади.

Мавзуга оид