11:53 / 08.05.2018
24097

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси байроғи ва тимсоли намуналари тасдиқланди

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг фармони билан Ўзбекистон Республикаси президентининг 2017 йил 18 апрелдаги «Прокуратура органларининг ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ва мамлакатни модернизация қилиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ишончли ҳимоясини таъминлашдаги ролини кучайтириш тўғрисида»ги фармонига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Фармон билан Ўзбекистон Республикаси прокуратураси байроғи ва эмблемаси намуналари тасдиқланди. Белгиланишича, байроқ ва эмблемадан фойдаланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси бош прокурори томонидан тасдиқланади. 

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси байроғи тавсифига кўра, у тўғри бурчакли мовий рангдаги бир эн мато бўлиб, доимийлик, жасорат, содиқлик, фидокорлик ва жасурликни билдиради. Байроқ марказида геральдик белги тасвирланган – Ўзбекистон Республикаси прокуратураси эмблемаси.

Байроқ узунлиги – 250 см, эни – 125 см. Байроқ бошқа ўлчамларда ҳам бўлиши мумкин, бироқ барча ҳолатларда байроқнинг узунлиги унинг энига нисбатан 1:2 ўлчамда бўлиши лозим.

Ўзбекистон Республикаси прокуратураси тимсоли тавсифига кўра, у уч бурчакли, пастга экилган қалқон бўлиб, устки бурчаклари кесилган. У давлат ва жамият ҳимоясини англатади. Қалқон ортида – иккита бир бири билан диагонал кесишган учи пастга қаратилган шамшир. Шамшир дастаги бешта ҳошиядан иборат, улар Ўзбекистон Республикаси прокуратураси фаолиятининг асосий принципларини билдиради – бирдамлик, марказлашганлик, қонунийлик, мустақиллик ва ошкоралик. 

Қалқон ва шамшир майдони кумуш рангда. Қалқон марказида Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвирланган. 

Top