Жаҳон | 00:02 / 09.05.2018
26046
2 дақиқада ўқилади

Forbes дунёнинг энг нуфузли одамлари кимлар эканини маълум қилди 

Forbes нашри дунёнинг энг нуфузли одамларининг янги рейтингини тузди. Бу гал рейтингга Хитой раиси Си Цзиньпин етакчилик қилмоқда.

Нашр бу танловини жорий йилда Хитой халқ вакиллари йиғилишида мамлакат конституциясига мамлакат етакчисига ҳокимият тепасида чекланмаган марта қолиш имконини берувчи ўзгартиришлар киритилгани билан тушунтирган. Нашрнинг ёзишича, “Си Цзиньпин шахси Мао Цзэдунникига тенгдир”.

Хитой етакчиси ортидан 2-ўринни Россия президенти Владимир Путин эгалламоқда. Путин охирги 4 йил рейтингга бошчилик қилиб келаётганди.  

3-ўринни АҚШ президенти Дональд Трамп эгаллаган. Нашрнинг таъкидлашича, Трампнинг ташаббуслари конгрессдан гоҳ муваффақиятли ўтмоқда, гоҳ “оқсамоқда”. У бирданига бир нечта тергов марказида қолмоқда. Трамп энг кучли армия ва иқтисодиёт раҳбари бўла туриб, ҳам шахсий ҳаёти, ҳам бизнесидаги можаролардан қутула олмаяпти.  

4-ўрин Германия канцлери Ангела Меркелга берилган. Нашрнинг қайд қилишича, у “Европанинг етакчиси” ҳисобланади. Меркель ўз ҳамфикрлари коалициясини яратишга муваффақ бўлган бўлса-да, уни келгусида Brexit ва Европада миграцияга қарши кайфиятлар кўпаётгани сабабли қийинчиликлар кутмоқда.

Меркелнинг ортидан Amazon асосчиси Жефф Безос, Рим папаси Франциск ва Microsoft асосчиси Билл Гейтс келмоқда.

8-ўринни рейтингга илк бор киритилган 17 кишидан бири – Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон, 9-ўринни эса Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди эгалламоқда. Етакчи ўнталикни Google асосчиси Ларри Пейж якунламоқда 

Ҳаммаси бўлиб рейтингга 75 киши киритилган. Улар орасида, шунингдек, Сурия президенти Башар Асад (62-ўрин), Трампга қарши терговни олиб бораётган махсус прокурор Роберт Мюллер (72-ўрин) бор.

Мавзуга оид