Жаҳон | 23:32 / 11.05.2018
26368
4 дақиқада ўқилади

Тамаки ва спиртли ичимликлар энг хавфли гиёҳванд моддалар деб топилди

Фото: belchonock

Тамаки ва спиртли ичимликлар сайёрамиз аҳолиси саломатлиги учун энг хавфли субстанциялар бўлиб чиқди. Наркологлар Addiction нашрида чоп этилган мақолада таъкидлашларича, бу субстанциялар тобелик келтириб чиқарувчи бошқа моддаларга қараганда одамлар ҳаётини кўпроқ олиб кетар экан.

“Сайёрамизнинг ҳар бешинчи катта ёшли вакили ҳар ой бир марта бўлса ҳам жиддий ичкиликбозликда иштирок этади, ҳар еттинчи кишиси эса ҳар куни тамаки чекади. Бу икки модда саратонга чалиниш ёки эрта ёшда ўлиш имкониятларини оширади. Қолган гиёҳванд моддалар бир неча марта камроқ истеъмол қилинади”, деб ёзган Сиднейдаги Янги Жанубий Уэльс университети олими Эми Пикок ва унинг ҳамкасблари.

Олимлар охирги йилларда спиртли ичимликлар нафақат жигарни барбод қилиши ва оғир руҳий ва физиологик тобеликни келтириб чиқариши, балки саратон, қанд касаллиги ва бошқа кўплаб оғир касалликларнинг ривожланишига сабаб бўлишига кўплаб далилларни топишган. Худди шундай салбий жиҳатлар тамакида ҳам топилган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти статистикасига кўра, ичкиликбозлик ва тамаки чекиш ҳар йили мос равишда 3,5 ва 5 млн кишининг ҳаётига зомин бўлади, бу эса автоҳалокатлар ва саратоннинг баъзи турлари қурбонлари сонига яқин. Бугунги кунда олимлар барча давлатлар ҳукуматларини спиртли ичимликлар ва тамакини оғир гиёҳванд моддаларга тенглаштиришга ва уларнинг истеъмоли ва савдосини тақиқлашга чақиришмоқда.

Пикок ва унинг ҳамкасблари ЖССТ ва бошқа илмий гуруҳлар мутахассислари охирги бир неча ўн йиллар давомида тўплашган статистикани таҳлил қилиб, юқоридаги тасдиқларни текшириб кўришди. Тадқиқотда умумий ҳисобда дунёнинг турли бурчакларида яшовчи бир неча ўн миллионлаб кишилар иштирок этган.

Маълумотларни бир-бирига таққослаш, энг кўп умрни тамаки олиб кетишини кўрсатган – вафот этганларнинг 100 мингдан 110 нафари тамаки чекиш ва у билан боғлиқ муаммолар сабабли ҳаётдан кўз юмган. Спиртли ичимликлар эса тамакидан тахминан 3 марта, барча гиёҳванд моддалар эса яна 10 марта камроқ ҳаётларни олиб кетар экан. Спиртли ичимликлардан Европа аҳолиси, тамаки чекишдан Океания ва Жанубий Шарқий Осиё аҳолиси кўпроқ азият чекар экан.

Бу муаммолар аслида анча жиддий бўлиши мумкин, чунки Осиё ва Африканинг ночор давлатларидаги тамаки чекувчилар, пиянисталар ва наркоманлар ҳамда уларнинг ўлими бўйича маълумотлар йўқ. Бу давлатларда ушбу маҳсулотларнинг истеъмоли кўпинча ўлим жазоси ёки умрбод қамоқ жазоси билан жазоланиши тамаки чекиш, ичкиликбозлик ва гиёҳвандлик эпидемияларининг асл кўламларини баҳолашга имкон бермаслиги қўшимча муаммолар туғдиради.

Олимларнинг айтишича, ҳар қандай вазиятда ҳам юқоридаги маълумотлар тамаки ва спиртли ичимликлар опиатлар ва бошқа гиёҳванд моддалардан кўпроқ сайёрамиз аҳолиси саломатлигига хавф солишидан дарак беради. Олимларнинг фикрича, буларнинг барчасини сиёсатчилар ва ЖССТ мутахассислари гиёҳвандлик ва зарарли одатларга қарши кураш бўйича қонунлар ва кампанияларни тайёрлашда ҳисобга олишлари лозим. 

Мавзуга оид