Спорт | 19:45 / 12.05.2018
17265
2 дақиқада ўқилади

Шоҳжаҳон Эргашев Осиё ва Олимпия ўйинларида иштирок этадиган бўлди

Профессионал боксда WBA International камари соҳибига айланган Шоҳжаҳон Эргашев Миллий олимпия қўмитасида меҳмон бўлди.

Спортчини Миллий олимпия қўмитаси Президенти Умид Аҳмаджонов қабул қилди. Учрашувда МОҚ раҳбари Шоҳжаҳон учун зарур бўлган барча шарт-шароитларни яратиб беришга, лозим бўлса чиптадан тортиб меҳмонхона харажатлари масалаларида ҳам ёрдам беришга тайёр эканлигини, Шоҳжаҳондан эса фақат ва фақат юртимиз байроғини юқориларга кўтариб юришини кутаётганлигини маълум қилди.

Фото: Миллий олимпия қўмитаси 

Боксчига Осиё ва Олимпия ўйинларида иштирок этиш таклиф қилинди. Шоҳжаҳон ушбу таклифга жон-жон деб рози бўлишини айтган.

«Шохжаҳон Эргашевдек йигитларимиз кам. Унинг қайд этаётган натижаларини амалга ошириш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Шоҳжаҳон шу йил Индонезияда бўлиб ўтадиган Осиё ўйинларига ҳам бориши керак. Керак бўлса, у мусобақанинг очилиш маросимида делегациямиз байроқдори вазифасини бажаради. Келажакда ундан янада юксак натижаларни кутиб қоламиз», – деди Аҳмаджонов МОҚ матбуот хизматига берган интервьюсида.

Ўз навбатида Шоҳжаҳон Эргашев ўзига билдирилаётган ишончни оқлашга, келажакда бундан ҳам нуфузлироқ камарларни қўлга киритишга ваъда берди.

 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид