Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 13 феврал куни олимпия ва паралимпия ҳаракатини янада ривожлантириш, оммавий спортни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда аҳоли жисмоний фаоллигини ошириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Президент мавжуд салоҳият тўлиқ ишга солинмаётган спорт турларига алоҳида тўхталди.
Масалан, бадминтонда бирорта лицензия қўлга киритилмаган. Камондан отиш спорт тури бўйича бор-йўғи 3 та лицензия олинган.
Олимпия ўйинларида енгил атлетика турлари бўйича 48 та дастур бор. Лекин енгил атлетика федерацияси сўнгги олимпиадада 5 та лицензия қўлга киритди, холос.
Ядро, диск, найза улоқтириш, сакраш спорт турларида бирорта лицензия олинмади. Ёки, 49 та сув спорти дастуридан бор-йўғи 4 таси бўйича лицензия қўлга киритилган.
Ўқ отиш спортини ривожлантириш учун мудофаа тизими ва «Ватанпарвар» ташкилотида барча шароит яратилган. Лекин ўзбекистонлик бирорта спортчи Олимпиадага бормади.
Мамлакатда яккакураш спорт турлари, миллий кураш ривожланган бўлса-да, юнон-рум кураши бўйича атиги 3 та лицензия олинган.
Ўтган йили байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича жаҳон чемпионати илк бор юртимизда ўтказилди. Лекин унда юртимиз бирорта ҳам медаль қўлга киритмади.

Ҳокимларнинг ҳам бу борадаги масъулияти умуман сезилмаётгани қайд этилди. Улар спорт федерацияларининг ҳудудий бўлимлари раҳбарларини танимаслиги, спортчи ва тренерларни қабул қилмаслиги, спортчилар халқаро мусобақада натижа қилганидан кейингина бундан хабар топиши кўрсатиб ўтилди.
Масалан, ўтган йили олимпия спорт турлари бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатларида спортчиларимиз 58 та медаль қўлга киритди. Лекин Навоий, Сурхондарё ва Қашқадарё спортчилари бу чемпионатларда бирорта ҳам медаль олмаган.
Париж Олимпия ва Паралимпия ўйинларига қўлга киритилган лицензиялар Навоий ва Қорақалпоғистонда энг кам.
Шу боис ёндашувларни ҳозирдан ўзгартириб, ёшларни спортга, айниқса, олимпия спорт турларига тайёрлаш, уларни селекция қилиш, иқтидорли спортчи ва мураббийларни рағбатлантириш бўйича мутлақо янги тизим яратиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Спортда адолат ўрнатиш, спортчи ва мураббийларга манфаат олиб келиш ва соҳани рақамлаштириш мутасаддилар, спорт федерациялари раҳбарлари ва ҳокимлар фаолиятини баҳолашда бош мезон бўлиши белгилаб олинди.
















