Жамият | 20:04 / 12.05.2018
45272
5 дақиқада ўқилади

Тошкент марказида тўхтатилган қурилиш нега яна бошланди?

Бунёдкорлик, бир ерни обод қилиш ўзбек миллатининг асосий хусусиятларидан бири саналади. Асрлар оша бу хусусият миллатнинг ажралмас турмуш тарзига айланиб улгурган – у бой бўлсин ёки фақир, имкон қадар бунёдкорлик борасида ўз ишини қилади. Иморат кўтаради, тўйхона қуради, бир маҳаллани обод қилади. Аммо мана шу ишларнинг бари халқ ризолиги билан амалга ошса, нур устига аъло нур бўлган бўлар эди. Аммо айрим ҳолатларда...

Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, Марказ 4/12-уй аҳолиси KUN.UZ сайтига ноқонуний қурилиш борасида мурожаат йўллади. Айтиш керакки, мазкур мурожаат таҳририят учун таниш. Бир йил аввал айни шу манзилдан махсус лавҳа тайёрланган эди. Шундан сўнг қурилиш тўхтатилиб, қонун доирасида комиссиялар кўриб чиққанди.

Куни кеча қурилиш ишлари яна бошланганини маълум қилишди ва мазкур муаммо юзасидан мурожаат йўллашди. Маълумот ўрнида айтиш лозимки, бу ерга 8 қаватли тиббиёт диагностикаси мавжуд турар жой лойиҳаси тайёрланган. KUN.UZ таҳририяти воқеа жойига борди. Яна ўша манзара. Бир гуруҳ ички ишлар ходимлари назоратида ҳудудда қурилиш ишлари бошланган. Биз, даставвал, аҳоли билан суҳбатлашдик. 

- Биз мазкур қурилиш тўхталиши юзасидан чиқарилган қарорни бекор қилиш ҳақда судга даъво аризаси билан чиққан эдик. Бу мурожаат суд томонидан кўриб чиқилди ва қурилиш ишларини тўхтатиш бўйича қарор чиқариб берилди. Аммо Бектемир тумани маъмурий суди Тошкент шаҳри собиқ ҳокимининг мазкур қурилишни тўхтатиш бўйича чиқарилган қарорини бекор қилиш бўйича қурилиш компанияси мурожаатини қаноатлантирган. Ҳатто биз апелляцияга берганимиздан кейин келган келган сайёр суд ҳам жойни ўрганиб, Бектемир туман судининг қарорини тўғри, деб топди. Натижада, мана, кўриб турганингиздек, бу ерда яна қурилиш ишлари бошланиб кетди.

Фото: Kun.uz

Маълум бўлишича, аҳоли мазкур қурилиш ишларидан норози бўлгач, Тошкент шаҳар ҳокимининг ўз қарорини бекор қилган эди. Бироқ суд шаҳар ҳокими ўз қарорининг бекор қилинишини нотўғри, деб топди ва аввалги қарорни кучда қолдириш ҳақида қарор чиқарган. Шундан сўнг тадбиркор қурилиш ишларини яна давом эттиришга киришган. Биз қурилиш эгаси номидан иш юритувчилар билан суҳбатда ҳужжатларни сўрадик. Улар барча керакли ҳужжатларни тақдим этишди. Аммо жамоатчилик розилиги ва ToshkentBoshPlanLITI давлат унитар корхонаси мутахассисларининг қурилиш лойиҳаси бўйича хулосаси тақдим этилмади.

Фото: Kun.uz

Журналистик суриштирувимиз натижасида мазкур қурилиш лойиҳасига берилган ToshkentBoshPlanLITI хулосасини олдик. Унга кўра, қурилиш ишларида шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари бўйича қатор хатоликлар мавжуд.

Фото: Kun.uz

Хусусан, қурилаётган бино баландлиги 4 қаватдан ошмаслиги кераклиги, шунингдек, диагностика марказига эга кўп қаватли турар-жой қурилиши илова қилинган схема институтига мувофиқ, яъни тўққиз қаватли 12-уйга ён томонлама, 5-мактаб ва 427-МТМ ўртасидаги йўлакча сақланган ҳолда қурилиши кераклиги қатъий таъкидланган. Аммо кўриб турганингиздек, бу ерда 8 қаватли бино, боз устига ён томонлама эмас, умумтаълим мактаби ва 12-сонли уйнинг нақ ўртасига қурилмоқда. Буни қазилган махсус ўралардан ҳам билиш мумкин. Бир сўз билан айтганда, ToshkentBoshPlanLITI'нинг хулосаси ҳужжатлар папкасида қолиб кетмоқда.

Аҳоли мазкур қурилиш бўйича кўплаб ваколатли органларига ҳамда Тошкент шаҳрининг янги хокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга мурожаат қилишгани ва муаммога ижобий ечим топиб беришига умид билдиришмоқда.

Хулоса ўрнида: айни мавзудаги муаммолар пойтахтимизда кунора учрамоқда. Тўғри, тадбиркорга катта йўл очиб бериш, уларни қўллаб-қувватлаш зарур. Бироқ бу тадбиркорнинг мавжуд қоидаларни айланиб ўтишига ҳуқуқ беради, дегани эмас. Қолаверса, президент халқ розилиги ҳақида ҳар нутқида қайта-қайта таъкидлаётган бир пайтда жамоатчилик фикрига қулоқ солиш керак эмасми?! Халқ, адолат билан иш кўрилса, ҳеч қачон бунёдкорлик ишларига монелик қилмайди. Тадбиркорлар буни унутмасалар бўлгани.

Мавзуга оид