17:50 / 13.05.2018
10073

Клопп тўртликда, Гвардиола рекордлар китобида. АПЛда охирги тур арафаси

«Трибуна» Англия чемпионатининг 38-тур учрашувлари анонсини келтиради.

13 май, якшанба
17.00. ҲАДДЕРСФИЛД – АРСЕНАЛ. «Трибуна» прогнози – 0:3.
17.00. ЛИВЕРПУЛЬ – БРАЙТОН. «Трибуна» прогнози – 3:0.
17.00. ВЕСТ ҲЭМ – ЭВЕРТОН. «Трибуна» прогнози – 2:1.
17.00. САУТҲЕМПТОН – МАНЧЕСТЕР СИТИ. «Трибуна» прогнози – 0:2.
17.00. ТОТТЕНҲЭМ – ЛЕСТЕР. «Трибуна» прогнози – 3:1.
17.00. БЁРНЛИ – БОРНМУТ. «Трибуна» прогнози – 1:2. 
17.00. СУОНСИ – СТОК СИТИ. «Трибуна» прогнози – 2:2.
17.00. НЬЮКАСЛ – ЧЕЛСИ. «Трибуна» прогнози – 1:0.
17.00. КРИСТАЛ ПЭЛАС – ВЕСТ БРОМВИЧ. «Трибуна» прогнози – 2:0.
17.00. МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД – УОТФОРД. «Трибуна» прогнози – 0:0.

«Ливерпуль» жойида қолади, Салоҳ гол урадими?

Ўтган ҳафта ўртасида ўтказилган қолдирилган учрашувлар вақтида Чемпионлар лигаси йўлланмасини учун вакантлар сони яна биттага қисқарди, «Манчестер Сити» ва «Манчестер Юнайтед» ортидан «Тоттенҳэм» ҳам йўлланмани нақ қилди. Чунки, «Челси» «Ҳаддерсфилд»ни енга олмади ва учинчи ўриндаги «Тоттенҳэм»га ета олмайдиган бўлди. Энди ягона йўлланма учун «Ливерпуль» асосий даъвогар, «Челси»да фақат назарий жиҳатдан имконият қолган.  

Энди бугун ҳеч ким Антонио Конте шогирдлари Ньюкаслда 16:0 ҳисобида ғалаба қозонишини кута олмайди. Юрген Клопп жамоаси ҳам бу турда «Энфилд»да «Брайтон»га ютқазишини кутиш мантиқдан эмас, қолаверса, бу ўйин аввалида Муҳаммад Салоҳда алоҳида мотивация бор, у бугун гол урса, Премьер-лига тарихида бир мавсумда энг кўп гол урган (32 гол) футболчига айланиши мумкин. Лекин унутмаслик керакки, «Брайтон» бироз муқаддам «МЮ»ни мағлуб этган, «Ливерпуль»нинг мисрлик футболчиси эса чемпионатда қаторасига икки ўйинда гол ура олмаган.

Рекордларни кутиб
Салоҳ ҳақида айтилди. Якшанба куни барчаси унинг ўз қўлида, аммо ассистентлик рекорди чигал. Месут Ўзил жароҳат туфайли охирги тур ўйинида ҳам қатнашмайди, «Арсенал» футболчисининг голли паслари сони 19талигича қолади, у бу борада рекордчи Тьерри Анридан битта кўп натижага эга.

Статистика ишқибозлари «Манчестер Сити»нинг Саутҳемптондаги ўйинини кузатиши керак. Хосеп Гвардиола шогирдларининг чемпионлик мавсумида АПЛнинг бир қанча янги рекордлари ўрнатилди: бир турнирдаги ғалабалар сони (31), голлар сони (105) ва йиғилган очколар сони (97). Лекин очколар жамғариш кўрсаткичини бу турда юбилей кўринишга келтириб қўйиш ҳам мумкин ва бундай натижани кимдир янгилаши амримаҳол бўлади. Рекордлар сериясини «Сити» дарвозабони Эдерсон давом эттирди, у узоқ масофага тўп етказиб бериш бўйича энг юқори натижани қайд этиб, Гиннес Рекордлар китобига кирди.

Венгерни шарманда қилманг
28 декабрь куни ҳали «Олд Траффорд»га қочиб кетмаган Алексис Санчес «Кристал Пэлас» дарвозасига сафарда 2 гол урди ва «Арсенал» 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Аммо кейин чилилик футболчи клубини ўзгартирди ва «Арсенал» тавқи лаънат остида қолди. 2018 йил бошидан буён «канонирлар» чемпионат доирасида сафарда 7 учрашув ўтказди ва бирон марта ғалаба қозона олмади. Ўз уйида «Арсенал»дан 3 очко олган жамоалар қаторида «МЮ» ва «Тоттенҳэм»дан ташқари, «Борнмут», «Суонси» ва «Брайтон» ҳам бор... Жамоа бундай ҳолатга 1966 йилдан буён тушмаганди. Бу Арсен Венгер учун ҳақиқий шармандали ҳолат. Ушбу мутахассис бундай шармандаликка муносиб эмас ва бу сафар жамоа «Ҳаддерсфилд» майдонида ғалабага ҳаракат қилиши керак.

«Суонси» учун оққушларнинг ғамгин қўшиғи
Сешанба куни «Сток Сити» лигани тарк этгани расман маълум бўлди. Кўп ўтмасдан мавсумнинг иккинчи омадсизи «Вест Бромвич» экани ойдинлашди. Ўша куни 17-ўриндаги «Саутҳемптон» 18-ўриндаги «Суонси»ни 1:0 ҳисобида мағлуб этди ва жамоа футболчилари Маноло Габбядини номини қўшиқ қилиб куйлашди. Италиялик ҳужумчи ўз голи билан амалда «Вест Бромвич»га қўшиб, «Суонси»ни ҳам чемпионшипга равона қилганди. Шундан сўнг, 15 йил давомида Уэльс жамоасида тўп сурган Леон Бриттон жамоа билан хайрлашди.

Уэльсликлар қутулиб қолиш учун, «Сток Сити»ни ўта йирик ҳисобда мағлуб этиш ва «Манчестер Сити» ҳам «Саутҳемптон» дарвозасига жуда кўп гол йўллашини кутиш керак. Айни вақтда «Суонси»да тўплар нисбати «минус 27», «авлиёлар»да эса «минус 18». Бундай вазиятдан «Суонси» чиқиб кетиши деярли иложсиз эканини англаш учун математика профессори бўлиш шарт эмас: кейинги мавсумда ҳам АПЛда Уэльс жамоаси бўлади, аммо бу чемпионшипда иккинчи ўрин билан йўлланмани қўлга киритган «Кардифф»дир.

Top