Ўзбекистон | 21:50 / 17.05.2018
32135
4 дақиқада ўқилади

Халқ таълими вазири таълимдаги янги режа ҳақида фикр билдирди

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов мамлакатдаги таълим секторининг янги режаси - таълим сифатини оширишга қаратилиши ҳақида гапирмоқда. Шу ўринда ЮНИСЕФ​ меҳнатга яроқли ёшда бўлган кўп сонли яшовчилар бугун тегишли сифатли таълим олганларидагина мамлакатни ривожлантиришга хизмат қила олишини ҳам таъкидламоқда. 

17 май куни Тошкент шаҳрида ​БМТ Болалар жамғармасининг (ЮНИСЕФ) Ўзбекистондаги ваколатхонаси Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Улуғбек Иноятовнинг раислигида таълим масалалари бўйича Маҳаллий ишчи гуруҳининг кенгашини чақирди. Таълим сектори вазирликлари ва муассасалари вакиллари ҳамда халқаро ривожланиш бўйича шериклардан иборат бўлган таълим масалалари бўйича Маҳаллий гуруҳ (ТМГ) томонидан таълим секторини ривожлантириш бўйича ўрта муддатли Режасини ишлаб чиқиш юзасидан тегишли масалалар ва кейинги қадамлар муҳокама қилинди. Бу ҳақда ЮНИСЕФ расмий вакили Kun.uz'га маълум қилди. 

Хабарда айтилишича, 2017-2021 йилларда ривожланиш бўйича Ҳаракатлар стратегияси таълим секторидаги ислоҳотларни амалга ошириш учун муҳим рағбатлантирувчи омил бўлди, ва ҳукумат томонидан мактабгача таълим борасидаги сиёсатни кучайтириш, унинг сифати ва унга бўлган талабни оширишга қаратилган чоралар кўрилди.  

«Таълим секторининг янги режаси - таълим сифатини оширишга қаратилган бўлади», деб таъкидлади Халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов. «Айниқса, ўқитувчи кадрларни ривожлантириш ва сифатли ўқув материалларини тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилади».

Таълим олиш имконига эга бўлиш ва адолат тамойилини таъминлаш масалаларини ҳал қилишдан ташқари, таълим инклюзивлиги ва сифати масалалари ҳам диққат марказда бўлмоқда.  ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги Ваколатхонаси раҳбари Саша Грауманн​инг таъкидлашича «Ўзбекистоннинг демографик хусусиятлари бўйича ўтказилган тадқиқот мамлакатда 12-15 йилдан кейин меҳнатга яроқли ёшда бўлган аҳолининг сони максимал даражага етишини кўрсатмоқда». 

«Меҳнатга яроқли ёшда бўлган кўп сонли яшовчилар бугун тегишли сифатли таълим олганларидагина мамлакатни ривожлантиришга хизмат қила олишади. Таълимни яхшилашга бўлган талаб – бу нафақат кейинги таълим сектори Режасига киритилиши лозим бўлган муҳим аспект, балки уни ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисидаги Қонунни ижро этиш учун қабул қилинадиган қонуности ҳужжатларни ишлаб чиқишда ҳам инобатга олиш муҳим аҳамият касб этади», дейди у.

Шунингдек кенгаш қатнашчилари таълим секторининг янги Режаси таълим секторининг биринчи Режасида (2013-2017) белгиланган негизда барпо этилиши лозим, деган фикрга қўшилишди. 

Бундан аввалроқ, Google ва Facebook компаниялари Ўзбекистонда иш бошлаш учун алоҳида шартларни эълон қилгани маълум бўлганди. Унга кўра, компания Ўзбекистонда кўплаб кадрлар етишмаслиги, айниқса IT мутахассисларига тўхталиб ўтган. Бир вақтнинг ўзида қўшни Қозоғистон Республикасида Президент Назарбоев янги қурилган мактабга ташриф буюриб шундай фикрлар билдирди. 

«Мактаблар ва университетлар илм-фан билан шуғулланишга йўналтирилган. Замонавий шароитда инсон бутун ҳаёти давомида ўрганиб бориши керак. 5-6 йилдан сўнг ҳозирги кўплаб касблар йўқ бўлиб кетади, бунинг ўрнига янгилари пайдо бўлади. Барча умидимиз ёшлардан, улар тез ривожланаётган дунёдан қандай қилиб ортда қолмаслигимиз кераклиги ҳақида доимий равишда ўйлаши керак».

Афсуски, Ўзбекистонда айни соҳада кўплаб масалалар ижобий ҳал этилмай қолмоқда, хусусан таълим сифатини яратиб берувчи педагоглар кўп йиллардан бери кўча тозалаш, ободонлаштириш ва мажбурий меҳнатга жалб қилиб келинган. Тошкент вилояти Бекобод туманидаги 5-мактаб​ ўқитувчиси эса ўқувчиларини камситиб келаётгани аниқланди. Бундан аввалроқ, Жиззах шаҳридаги №39 “Наврўз” мактабгача таълим муассасасида​ олий маълумотли педагог тарбияланувчиларни калтаклаётгани ҳақида хабар берилганди.  ​

Мавзуга оид