10:55 / 17.05.2018
6904

Навоийда 170дан зиёд инвестор иштирокида халқаро бизнес форум бўлиб ўтди

Қизилқум кенгликлари бағрида жойлашган Навоий вилояти ўзининг ер ости бойликлари ҳамда табиий-иқлим шароити билан алоҳида ажралиб туради. Воҳада мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланишда эса маҳаллий тадбиркорларни хорижий инвесторлар билан ҳамкорликда янги-янги лойиҳалар устида иш олиб боришга жалб этиш муҳим аҳамиятга эгадир.

Шу сабабли вилоятда халқаро бизнес-форум бўлиб ўтди. Мазкур нуфузли иқтисодий анжуманда дунёнинг 34та давлатидан 170 нафардан зиёд инвестор ҳамда бир қатор хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги элчилари ва дипломатлар иштирок этди, деб хабар бермоқда KUN.UZ’га вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати.

Тадбирнинг биринчи кунида иштирокчилар Кармана, Навбаҳор ва Нурота туманларида бўлиб, ушбу ҳудудлардаги ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан яқиндан танишишди. Меҳмонларга, шунингдек, воҳанинг инвестицион салоҳияти, хорижий компаниялар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар хусусида батафсил маълумот берилди.

— Бугунги кунда Навоийда Англия, Ҳиндистон, Хитой, Швейцария каби ривожланган мамлакатлар ҳамкорлигидаги қарийб 70га яқин қўшма корхона фаолият юритмоқда, — дейди вилоят ҳокими ўринбосари Ў.Исломов. — Улар томонидан ўнлаб турдаги озиқ-овқат, қурилиш ва бошқа саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариляпти. Сўнгги йилларда хорижлик ҳамкорларимизнинг мамлакатимизда, хусусан, Навоийда яратилган қулай сармоявий ва ишбилармонлик муҳитига қизиқишлари тобора ортиб, мазкур жараён сезиларли равишда юксалаётир. Бу эса минтақамизда инвесторлар кўмагида қатор корхоналар ташкил этилишида асос бўляпти.

Бизнес-форумнинг иккинчи куни «Навоий» эркин иқтисодий зонаси бўйлаб саёҳатдан бошланди. Иқтисодий ҳудуд дирекциясининг анжуманлар саройида бўлиб ўтган конференцияда иштирокчиларга вилоятнинг логистика имкониятлари ҳамда яратилган бошқа қулайликлар хусусида тақдимотлар ўтказилди.

Вилоят ҳокими Қ.Турсунов анжуман иштирокчиларини қутлар экан, юртимизда эркин иқтисодий зоналар ва саноат ҳудудларининг фаолиятига эътибор қаратди. Жумладан, ҳозирда мамлкатимизда 12та худди шундай зона ҳамда 45та саноат ҳудуди фаолият олиб бормоқда. Уларда яратилган солиқ ва бошқа имтиёзлар эса хорижлик тадбиркорларни қизиқтирмоқда. Яқин йиллар ичида яна 50та янги саноат ҳудудини ташкил этиш кўзда тутилган. «Навоий» эркин иқтисодий зонаси юртимизда энг биринчилардан ташкил этилган саноат ҳудуди бўлиб, бу ерда барча қулайлик ва шарт-шароитлар яратилган.

— Мамлакатимиз Ўзбекистон, хусусан, Навоий кон-металлургия комбинати билан кўп йиллардан буён ҳамкорликда иш олиб боради, — дейди Беларусь Республикасининг юртимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Леонид Маринич. — Жумладан, ўлкангизнинг тоғ-кон саноати учун «БеЛАЗ» русумли юк автомашиналари етказиб беряпмиз. Яқинда ишбилармонларимиз Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқиш корхонасини ташкил этди. Бундан ташқари, айни вақтда Навоийда бройлер товуқ етиштириш борасида ҳам йирик лойиҳани амалга ошириш ҳаракатидамиз. Ҳозирда бу борада музокаралар жараёни бошлаб юборилган. Умуман олганда, ўзаро иқтисодий алоқаларимиз икки халқ ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамламоқда.

Форум доирасида, шунингдек, Ўзбекистон савдо-саноат палатаси раиси А.Икрамов, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раҳбари О.Ҳамраев, Хусусийлаштириш, монополияга қарши кураш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари А.Обидовлар сўзга чиқиб, юртимизда инвесторлар учун яратилаётган қулайликлар, келгусида бу борада амалга ошириладиган чора-тадбирлар хусусида тўхталишди.

— 2002 йилдан буён компаниямиз Қизилтепа тумани ҳудудидаги Тўдакўл сув ҳавзасида балиқ етиштириш билан шуғулланиб келади, — дейди Исроил давлатининг «Galidi» компанияси менежери Офер Берзак. — Бугунги кунда Айдаркўлда ҳам балиқчилик, хусусан, консервалаш лойиҳасини амалга оширишни режалаштиряпмиз. Халқаро форум доирасида навоийлик шериклар билан мазкур лойиҳа юзасидан ўзаро келишувга эришдик. Келгусида фаолиятимизни кенгайтириш имкониятлари пайдо бўлди.

— Ўзбекистон қуёшли ўлка, бу ерда табиий энергия ишлаб чиқариш имкониятлари катта, — дейди Финландиянинг «ABB» компанияси бизнесни ривожлантириш бўйича директори Глен Нюҳолм. — Бизнинг корхонамиз айни шу йўналишда иш олиб боради. Халқаро форум доирасида юртингизнинг муқобил энергия ишлаб чиқариш борасидаги имкониятлари билан тўлиқроқ танишдим. Биз бу борада ҳамкорлик қилишга тайёрмиз. Келгусида минтақада фотоэлектр станциялар барпо этиш лойиҳалари устида ишлашни режалаштириб олдик.

Халқаро бизнес-форумда навоийлик маҳаллий тадбиркорлар хорижлик ҳамкасблари билан музокаралар олиб боришди. Мазкур учрашувларда туризм, балиқчилик ҳамда қишлоқ хўжалигининг бошқа соҳалари юзасидан бир қатор келишувларга эришилди. Шундан сўнг, инвесторларнинг форум юзасидан ҳисоботлари тингланди. Анжуман якунида келгусидаги ҳамкорликни янада жадаллаштириш борасида 20га яқин меморандум имзоланди. Бунда Қозоғистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Туркия, Хитой ва Тожикистон давлатларининг ишбилармон доиралар вакиллари ташаббускорлик кўрсатди.

Top