Жамият | 22:10 / 17.05.2018
38884
5 дақиқада ўқилади

Оқ ва қора: Коммунистик руҳиятдан халос бўлишимиз керак

Мустақил терролог-аналитик Саид-Абдулазиз Юсупов муаллифлигида «Оқ ва қора» кўрсатувининг навбатдаги сони тайёрланди. Дастур муаллифи бу гал ўзбек миллатининг тарихига назар ташлаган ҳолда бугунги кун кишилари кайфияти, уларнинг дунёқараши ва амаллари ҳақида сўз юритади.

«Бугун жамиятда яхши ўзгаришлар бўляпти. Аммо етарли ҳаракат бўлмаяпти. Сабаб битта – давлат бир томонлама ҳаракат қиляпти. Аслида биз ўзимизни ислоҳ қилишга ожизлик қиляпмиз. Оддий бир инсон сифатида, оддий бир фуқаро сифатида ўзимизни ислоҳ қилишга шошилмаяпмиз. Муаммо айнан мана шунда бўляпти. Ҳа, биз чиройли гапиряпмиз, биз чиройли танқидлар қиляпмиз, бироқ етарлича чиройли амал қилмаяпмиз.

Тарихга назар солинг, руҳиятимизни таҳлил қилиб кўринг, ўтган асрларга бир назар ташланг бир муаммога гувоҳ бўласиз. Биз маълум бир инсонга муносабат билдиришда ўзимиздан, ижтимоий ҳолатимиздан келиб чиқиб муносабат берамиз. Қулоқ билан муносабат берамиз, ақл билан эмас. 200-300 йиллардирки, бизнинг фожиамиз бу. Ҳар биримизнинг фожиамиз шу. Ана шу қусур ҳар биримизда бўлганига сабаб бу – миллат фожиасига айланмоқда. 

Ақл билан мушоҳада юритиб кўрайлик. Масалан, ўтган асрнинг ўн еттинчини йилини олсак, айни сиёсий ўзгаришлар бўлаётган давр эди. Ёки ўттиз еттинчи йилларини олинг қатағон даври эди. Мен доим ўз-ўзимга савол бераман: «Қандай қилиб НКВД ўзбек тилида ёзилган асарлардан антисовет маълумотларни топган? Ўшаларни уларга ким ёзиб берган эди?» Жавоби оддий – ўзимизникилар».

Саид-Абдулазиз Юсупов бу иллатнинг пайдо бўлиш сирлари ҳақида ўз фикрларини билдирар экан, жумладан, шундай дейди: «Бир инсонни ёмонотлиқ қилиш учун уни «ёмон» дейишнинг ўзи етарли бўлиб қоляпти. Ёмон гап тарқалса, нимагадир бизнинг «ақл фильтри»миз ишламай қолади.

Мана, президентимиз ғийбат ҳақида қайта-қайта гапирдилар. Нимага, чунки бу ўтган 25 йилда эмас, балки юз йиллардан буён фожиамизга айланган ҳолат.

Европанинг биздан фарқи биласизми нимада? Мен иқтисодий кўрсаткичлари ҳақида гапирмоқчи эмасман. Биласизми, Европада кимнидир ёмонотлиқ қилиш жудаям қийин. Ёнидаги одамга «у гуноҳсиз», деган нуқтаи-назардан баҳо беради европалик. Ҳатто жиноятчиларнинг ҳуқуқлари поймол қилинишига қарши курашишади. Нимага, чунки инсоннинг қадри бор. Шунинг учун биз, айни кунларда жамиятимизда инсон қадрини кўтаришимиз керак.

Бу ишни давлат эмас, мен, сиз, у қилиши керак. Давлат имконият яратяпти. Аммо биз фуқаро сифатида ўзимизни етарлича ислоҳ қила оляпмизми?
 
Бизда демократия, сўз эркинлиги талаб қилувчилар бор. Уларни олқишлайман. Аммо сўз эркинлиги учун курашувчиларни кузатайлик, уларнинг сўз эркинлиги тамойилларига қандай амал қилишини кўринг - бошқа фикр эгасини ҳақорат қилиш бор. Бу ҳолда биз қандай қилиб демократик жамият қуришимиз мумкин?

Вольтерона айтадиган бўлсак, «Мен сизнинг фикрингизга қўшилмаслигим мумкин, аммо бу фикрингизни айтишингиз учун жонимни беришга тайёрман». Ўзимизга ёқмаган фикрни ҳам эшитишимиз, унга ҳурмат билан муносабатда бўлишимиз керак.

Бир ҳақиқатни унутмайлик. Қонимизда, руҳиятимизда коммунистик руҳият сақланиб қолар экан, ҳеч қачон демократик муҳитга эриша олмаймиз. Ўн еттинчи йил, Ўттиз еттинчи йил, «пахта иши» қурбонлари - буларнинг барчаси коммунизм қурбонлари. Коммунизмда шахс фикри йўқ эди, жамоа фикри билан эди. Ҳамма ёмон деса, ёмон бўларди. Қулоқ билан эшитиб ҳукм чиқариларди, ақл билан эмас.

Ўзимизни ўзимиз ислоҳ қилишимиз керак. Биз қалбимизнинг туб-тубида қолиб кетган коммунистик руҳиятдан халос бўлишимиз керак. Бировни ёмонлашса, бир жараённи шубҳа остига олишса, уни таҳлил қилиб, ақлни ишлатиб қарор қабул қилиш керак. Ўйламай қарор қабул қилишлардан воз кечишимиз керак.

Сизнинг ҳуқуқингиз бошланадиган жойда менинг ҳуқуқим тугашини ҳис қилишимиз керак», дейди муаллиф.

Мавзуга оид