Жаҳон | 11:52 / 28.10.2025
2464
2 дақиқада ўқилади

BfV раҳбари: Россия Германияда демократияга ишончни бузишга уринмоқда

Москва сиёсий спектрнинг бир қисми тарафдорларига таъсир ўтказишга ва Германияда автократик ғояларга кўпроқ қўллаб-қувватлашни оширишга интилмоқда, деб ҳисоблайди Конституциявий тузумни ҳимоя қилиш федерал идораси (BfV) раҳбари Зинан Зелен.

Фото: Getty images

Россия Германияда қарор қабул қиладиган сиёсатчиларга мақсадли равишда таъсир кўрсатишга уринмоқда, деди BfV раҳбари Зинан Зелен (Sinan Selen) душанба, 27 октябр куни RTL телеканали эфирида.

«Таъсир алоҳида шахс ёки партиялар билан чекланмайди. Эътиборни тортган томони шундаки, бундай саъй-ҳаракатлар айниқса сиёсий спектрнинг чекка қанотлари тарафдорларига нисбатан фаол амалга оширилмоқда, — деди у. — Ҳам сўл, ҳам ўнг қанот ичида алоқалар ўрнатиш ва кенгайтиришга уриниш бўляпти, чунки муваффақиятга умид қилмоқда».

Зеленнинг сўзларига кўра, «Москва Германияда шундай кайфиятни шакллантиришга ҳаракат қилмоқдаки, унда тоталитар ва автократик ғоялар эркин, демократик ғояларга қараганда тезроқ акс-садо топади».

Бундан олдин Тюрингия ички ишлар вазири Георг Майернинг баёноти Германияда катта ижтимоий резонанс келтириб чиқарган эди. Унинг таъкидлашича, ўта ўнг қанотдаги «Германия учун муқобил» (AfD) партияси федерал ерлар парламентлари ва Бундестагдаги «кичик сўровлар» орқали Россия фойдасига жосуслик олиб боряпти. AfD бу каби айбловларни рад этмоқда; айблашлар ҳокимиятдаги Германия Социал-демократик партияси ҳамда Христиан-демократик иттифоқ / Христиан-ижтимоий иттифоқ (CDU/CSU) блоки, шунингдек, мухолифатдаги «яшиллар» томонидан илгари сурилган. AfD фракцияси Тюрингия ландтагда Майернинг айбловлари бўйича ҳуқуқий чоралар кўрмоқда.

Герман махсус хизмати раҳбари Россиянинг Германияга қарши гибрид уруши чизиғини алоҳида чақириқ деб ҳисоблайди. Унинг баёнотига кўра, бу абстракт эмас, балки ҳақиқий, «ҳозир бўлаётган» таҳдиддир. Бундай уруш усулларига у, жумладан, жосуслик, диверсия ва киберҳужумларни киритди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид