Жамият | 02:25 / 17.05.2018
73932
5 дақиқада ўқилади

Рамазон ойининг бошланиши бир кунга ўзгарганига мутахассислар нима дейди?

Бугун Қуёш ботиши билан курраи заминни барокатларга тўлдириб муборак ой, жумла мусулмонлар интиқиб кутган Рамазони шариф кириб келди. Маълумки, ўзбекистонликлар орасида шу ой бошланиши, кейинчалик Ийд Рамазон байрами куни белгиланиши билан боғлиқ турли фикрлар кўпаяди. Ижтимоий тармоқларда кимдир Саудияда фалон санада бошланди, деса, яна кимдир Ийд куни 1 кунга фарқ қилди, деган сўзларни келтиради. Ачинарлиси, бу ҳар йили Рамазон арафасида авжига чиқади. 

Хўш, умуман янги ой қандай тартибда аниқланади? Уни илмий ва диний ёндашув жиҳатидан қандай изоҳлаш мумкин?

Биз айни савол билан дастлаб Ўзбекистон Фанлар академияси Астрономия институти бўлим мудири Собит Илёсовга мурожаат қилдик. Илмий мутахассиснинг билдиришича, 2018 йилгача Рамазон ойининг биринчи куни айрим давлатларга қараб белгиланган. 

“Авваллари Рамазон ойини белгилашда қўшни ёки бошқа давлатларга қараларди. Бу йил, биринчи марта Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ва Астрономия институти билан ҳамкорликда Рамазон ойининг бошланиши илмий асосда белгиланди. Янги ойнинг бошланиши учун даставвал Ойни кўриш керак.  

Ўзбекистонда Ойнинг туғилиши Тошкент вақти билан 15 май соат 15-50га тўғри келди. Ўзбекистон шароитида янги ой туғилганидан сўнг, уни кўриш учун камида 29 соат вақт ўтиши керак бўлади. Мана бугун 29 соатдан кўпроқ вақт ўтди ҳамда Қуёш ботгандан сўнг Ой кўринди. 

Собит Илёсов

Ойнинг кўриниши учун эса, 3 шарт талаб этилади. Булар: ой ёши (бизда 29 соатликдан ошди), Қуёшнинг ботишдаги баландлиги ва Қуёш ҳамда Ойнинг ботиш ва кўринишдаги дақиқалардаги фарқи. Шу 3 шарт бажарилса, янги ой бошланган бўлади. Шунга кўра, Қуёш ботиши билан Рамазон ойи кирди, деб бемалол айта оламиз ва 17 майдан саҳарликка туриш мумкин бўлади”, - деди Собит Илёсов.

Муқаддас Ислом дини шариатида бу масалага қандай изоҳ берилади? Саодаат асрида ҳам шундай ҳолатлар, яъни турли кунларда рўза тутиш ҳолатлари бўлганми?

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуримон Абул Ҳасан бу каби саволларга ойдинлик киритди.  

“Айтмоқчиманки, Ислом шариатида Рамазон ойининг бошланишини белгилаб берувчи омиллар ва аниқ кўрсатмалар бор. Рамазон ойи бошланганини белгилашда асосий шарт янги Ойнинг кўз билан кўрилишидир. Махсус ёлланган одамлар кўзлари билан янги Ҳилолни кўришлари шартдир. Бу йилги Рамазон ойи бошланишининг белгиланишида, алоҳида таъкидлаш ўринлики, Дин ишлари бўйича қўмита, Мусулмонлаар идораси ва олимлар ҳамкорлик қилишди. 

Нуримон Абул Ҳасан

Мутахассис сифатида яна шуни айтиб ўтишим керак, ҳар йили фуқаролар ўртасида Рамазон ойи бошланиши билан боғлиқ турли тушунмовчиликлар пайдо бўлади. Бунинг асосий сабаби ойни кўриб рўза тутиш тўғрисидаги ҳадиси-шарифни мазмунини тушунмасликдадир. 

Пайғамбааримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам бу борада муайян бир давлат ёки жойни белгилаб бермаганлар. Ҳар қандай мусулмон ўзлари истиқомат қилиб турган ҳудудда Ой кўринишига боғлиқ равишда Рамазон рўзасини тутиши керак. Хусусан, “Фатовои Рамазон” китобида, айтайлик, саудиялик фуқаро Рамазон ойида Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган бўлса, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси фатвосига асосан рўза тутиши керак бўлади. 

Шундай экан, яна бир марта таъкидлаш жоиз, Рамазон тақвимида ой бошланиши Ой кўринишига қараб бир кунга фарқланиши мумкин, деган қайдлар мавжуд. Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳудудида Рамазон ойи ҳамда Ҳайит кунларини белгиловчи ваколатли орган Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ҳисобланади ва улар қасддан хато қилса, Қиёмат кунида ўз фатволари учун жавоб беради”, - деди Нуримон Абул Ҳасан. 

Азизлар, KUN.UZ сайти Курраи заминимизга кириб келган муборак ва муқаддас Рамазони шариф билан барча мўмин-мусулмонларни қутлайди! Бу ой барчамизга қут-барака олиб келсин! Иймонимиз янада мустаҳкам бўлиши, муборак ойни муносиб тарзда ўтказишни Аллоҳ ҳаммамизга насиб этсин! Турли хил арзимаган нарсалар билан эмас, балки барчага бирдек фойдали иш билан шуғулланишни насиб этсин!

Мавзуга оид