Жаҳон | 23:05 / 21.05.2018
8351
3 дақиқада ўқилади

Дональд Трамп махфий хизмат ва Адлия департаментига қарши янги уруш бошлади

Фото: AP Photo/Evan Vucci

Ўтган ҳафтада Washington Post ФҚБ ахборот манбаси сифатида кўрилаётан америкалик нафақадаги профессор 2016 йилда Дональд Трамп сайловолди штабидаги уч нафар маслаҳатчи билан учрашгани ҳақида ёзди. 

Айни чоғда АҚШ президенти мазкур учрашувга сиёсий тус бериб, ФҚБ собиқ давлат раҳбари Барак Обама буйруғи билан жосуслик қилганини иддао қилмоқда. Ўтган уч кун давомида Трамп ўзининг твиттердаги саҳифаси орқали тинмасдан мана шу ҳолат бўйича Федерал қидирув бюросига қарши суриштирув бошлаш лозимлигини уқтиради. 

Трампнинг яқин кишиси, Вакиллар палатаси Разведка қўмитаси раиси Дэвид Нуньес ҳам Адлия департаментидан кекса профессорга оид барча маълумотлар тақдим этилишини сўраяпти. Ваҳоланки, Адлиядагилар ушбу сўровни бошқа важни кўрсатиб рад этиб қўя қолди: бу АҚШнинг жаҳон бўйлаб ўрнатган агентураларига жиддий зарба бериши мумкин. 

Мантиқан (ёки қонун бўйича) президент Трамп истаган пайтида Адлия департаментининг қарорини бекор қилиб, сўралган киши тўғрисида маълумот беришни талаб қилиши мумкин. Шуларни ҳам ҳисобга олиб департамент бошқача қарорга келди: мазкур тергов бошланиши олдидан Трампнинг сайловолди штаби вакиллари ва Россия томони ўртасида сиёсий фитна уюштирилмагани аниқлаштирилади.

Агар кимдир унутган бўлса, президент атрофида юз бераётган терговлар Трампнинг сайловолди штаби маслаҳатчиси Пападополуснинг Лондон барида австралиялик дипломатга ортиқча гапириб қўйгани билан бошланганди. 2016 йил май ойида маст ҳолатда Жорж Пападополуснинг русларда Ҳилларига нисбатан кучли компромати бўлгани ҳақидаги гапи, икки ой ўтиб Wikileaks'да Ҳилларига қарши ишлаган ҳужжатларнинг оммага эълон қилиниши... Австралиялик дипломат бу маълумотлар қаердан сизиб чиқиши мумкинлиги ҳақида шипшитди ва матбуот бу мавзуни чуқурроқ «кавлай» бошлади. 

Аниқланишича, 2016 йил 9 июнь куни АҚШда  Crocus Group  манфаатларини ҳимоя қилиш билан шуғулланиб келаётган россиялик адвокат Наталия Весельницкая Дональд Трамп кичкина, сайловди штаб раҳбари Пол Манафорт билан хуфёна учрашган.  Весельницкаянинг Россиядаги бир қатор амалдорлар, жумладан Бош прокурор Юрий Чайка билан яхши алоқалари борлиги аниқлангач, америкаликларнинг кўпчилиги сайлов натижасига Россия таъсир ўтказишга уринганига ишониб қолди. Айнан 2016 йил июлда ФҚБ шов-шувли терговни бошлади.

Алишер Рузиохунов
Тайёрлаган Алишер Рузиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид