Жаҳон | 09:53
1955
3 дақиқада ўқилади

Трамп ва Си Жинпинг Пекинда учрашув ўтказди

Хитой раиси Си Жинпинг 14 май куни Пекинга келган АҚШ президенти Дональд Трамп учун тантанали қабул маросими уюштирди. Оқ уй раҳбари Хитой пойтахтида ҳарбий шараф билан кутиб олинди.

Фото: Kenny Holston/Pool The New York Times/dpa/picture alliance

Трамп ва Си Пекин марказидаги Тяньаньмэнь майдонида жойлашган Халқ вакиллари йиғини саройида телекамералар қаршисида қўл сиқишиб кўришди.

Учрашув давомида Дональд Трамп: “Сизнинг дўстингиз бўлиш мен учун катта шараф. Хитой ва АҚШ муносабатлари ҳар қачонгидан ҳам яхши бўлади”, — деди.

Унинг сўзларига кўра, икки давлатни “ажойиб умумий келажак” кутиб турибди.

Си Жинпинг эса америкалик президент ташрифи “дунё янги бурилиш нуқтасига келиб қолган бир вақтда” амалга ошганини таъкидлади. Хитой раҳбари АҚШ ва Хитой “рақиб эмас, балки ҳамкор бўлиши керак”лигини айтди. Унинг фикрича, бу нафақат икки давлат, балки бутун дунё учун ҳам фойдали.

Трамп билан бирга Пекинга АҚШ ҳукумати ва бизнес доиралари вакиллари ҳам ташриф буюрган.

Давлат делегацияси таркибига АҚШ давлат котиби Марко Рубио, молия вазири Скотт Бессент, мудофаа вазири Пит Ҳегсет кирган. Бизнес вакиллари орасида эса Apple раҳбари Тим Кук, Tesla раҳбари Илон Маск бор.

Музокараларнинг асосий мавзуларидан бири АҚШ ва Исроилнинг Эрон билан қарама-қаршилиги бўлиши кутилмоқда.

Марко Рубио маълум қилишича, Вашингтон Хитойдан Ҳўрмуз бўғозидаги блокадани юмшатишда ёрдам кутяпти. Унинг айтишича, Пекин ҳам ушбу стратегик денгиз йўлининг очилишидан манфаатдор, чунки у ерда Хитой кемалари ҳам тўсилиб қолган.

Рубио шунингдек, энергетик инқироз оқибатлари Хитой иқтисодиётига ҳам салбий таъсир қилаётганини, чунки глобал талаб пасайиши Хитой экспортига зарар етказаётганини таъкидлади.

Учрашувда Тайван атрофидаги вазият ва АҚШ–Хитой савдо муносабатлари ҳам муҳокама қилиниши кутилмоқда.

2025 йил октябрида Жанубий Кореяда бўлиб ўтган аввалги учрашувда Трамп ва Си Хитойнинг нодир металлар экспортига тўсиқларни камайтириш, фентанил инқирози сабаб АҚШ жорий қилган божларни қисқартириш бўйича келишувга эришган эди.

Кузатувчилар фикрича, Пекиндаги янги музокараларда ҳам савдо можароларини юмшатиш масаласи давом эттирилади.

Дональд Трампнинг Хитойга ташрифи икки кун давом этади. У бундан аввал Хитойга 2017 йилда — биринчи президентлик муддатида ташриф буюрган эди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид