Ўзбекистон | 23:00 / 22.05.2018
6801
5 дақиқада ўқилади

Жисмоний ва юридик шахслар қандай тартибда мурожаат қилишади?

Фото: Pikabu.ru

Ҳозирги кунда давлат органлари ва мансабдор шахсларга мурожаат қилиш ҳаётимизнинг асосий қисмига айланиб улгурди. Албатта, бу нарса ижобий ҳолат саналади, качонки асосли ва тўғри тартибда амалга оширилганда. Сабаби, фуқароларнинг ўз ҳуқуқ ва эркинликларини тегишли тартибда билиши ва амалда қўлланилишини талаб қилиши уларнинг конституциявий ҳуқуқлари ҳисобланади. Демак, бу жараён қонунчилигимизда қандай белгиланганини кўриб чиқамиз. Бу хусусидаги асосий манба «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонун ҳисобланади. Унинг 3-моддасида мурожаат этишнинг қуйидаги шартлари келтириб ўтилган: «Мурожаатлар оғзаки, ёзма ёхуд электрон шаклда бўлиши мумкин».  

Дастлаб нималарга эътибор қаратиш зарур?

Мурожаат этишда Қонуннинг 6-моддасида қуйидаги талаблар белгилаб ўтилган: «Жисмоний шахснинг мурожаатида жисмоний шахснинг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган ва мурожаатнинг моҳияти баён этилган бўлиши керак.

Юридик шахснинг мурожаатида юридик шахснинг тўлиқ номи, унинг жойлашган ери (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган ва мурожаатнинг моҳияти баён этилган бўлиши керак.

Мурожаатлар давлат тилида ва бошқа тилларда берилиши мумкин.

Ёзма мурожаат мурожаат этувчи жисмоний шахснинг имзоси ёки мурожаат этувчи юридик шахс раҳбарининг ёхуд ваколатли шахсининг имзоси билан тасдиқланган бўлиши лозим. Жисмоний шахснинг ёзма мурожаатини мурожаат этувчининг имзоси билан тасдиқлаш имкони бўлмаган тақдирда, бу мурожаат уни ёзиб берган шахснинг имзоси билан тасдиқланиб, унинг фамилияси (исми, отасининг исми) ҳам қўшимча равишда ёзиб қўйилиши керак.

Электрон мурожаат қандай тартибда берилади?

Электрон мурожаат электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ва электрон ҳужжатнинг уни идентификация қилиш имкониятини берадиган бошқа реквизитларига эга бўлган электрон ҳужжат шаклида бўлиши керак. Электрон мурожаат қонунда белгиланган талабларга мувофиқ бўлиши керак.

Аноним мурожаатлар нима?

Жисмоний шахснинг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар ёки юридик шахснинг тўлиқ номи, унинг жойлашган ери (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилмаган ёхуд улар ҳақида ёлғон маълумотлар кўрсатилган, шунингдек имзо (электрон рақамли имзо) билан тасдиқланмаган мурожаатлар аноним мурожаатлар деб ҳисобланади. Агар мурожаатда қабул қилиш ва кўриб чиқиш қонунга хилоф равишда рад этилса, унинг устидан  хар бир шаҳс бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ёхуд бевосита судга шикоят қилишга ҳақли эканлиги белгилаб ўтилган. Мурожаатларни бериш муддатлари эса қоида тариқасида белгиланмайди.

Мурожаатлар кандай ва қанча муддатда кўриб чиқилади?

Мурожаатларни кўриб чиқиш тартибида эса бир қанча муҳим жиҳатлар  қайд этилган. Унга кўра, Қонуннинг 18-моддасида : «Қўйилган масалаларни ҳал этиш ўзининг ваколат доирасига кирмайдиган давлат органига келиб тушган мурожаатлар беш кунлик муддатдан кечиктирмай тегишли органларга юборилиб, бу ҳақда мурожаат этувчига ёзма ёхуд электрон шаклда хабар қилинади».

Мурожаатларни кўриб чиқиш муддати эса бир қанча асослар билан белгилаб ўтилган. Қонуннинг 19-моддасида шундай келтирилган: «Ариза ёки шикоят масалани мазмунан ҳал этиши шарт бўлган давлат органига келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун ичида, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади.

Ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш учун текшириш ўтказиш, қўшимча материаллар сўраб олиш ёхуд бошқа чора-тадбирлар кўриш зарур бўлган ҳолларда, уларни кўриб чиқиш муддатлари тегишли давлат органи раҳбари томонидан истисно тариқасида узоғи билан бир ойга узайтирилиши мумкин, бу ҳақда мурожаат этувчига хабар қилинади. 

Мурожаатларни кўриб чиқишда қонун талаблари бузилса, юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилиниши белгилаб ўтилган.

Жавоҳир Шамсутдинов
ҳуқуқшунос

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид