18:03 / 23.05.2018
7680

Грузиялик дзюдочилар федерация президенти хонасининг эшигига мих қоқиб ташлашди

Грузиянинг дзюдо бўйича терма жамоаси аъзолари норозилик акцияси уюштиришди ва федерация президенти Давид Кевхишвилини ишдан бўшатишни талаб қилишди. Бу ҳақда «Советский спорт» хабар бермоқда.

Таъкидланишича, спортчилар Кевхишвилининг иш кабинети эшигига михлар қоқиб ташлашган, бу пайтда амалдор ўз ўрнида бўлмаган, унинг курсиси эса чиқиндихонага олиб чиқиб ташалган.

Фото: interpressnews.ge

«Биз Кевхишвилининг истеъфосини талаб қиламиз. Унинг фаолияти Грузияда дзюдо ривожига салбий таъсир кўрсатмоқда. Афсуски, ҳозирча тегишли давлат тузилмалари томонидан керакли муносабат билдирилмади. Биз норозиликни ғалабага эришгунга қадар давом эттирамиз», - дея таъкидлаб ўтган Грузия терма жамоаси сардори Варлам Липартелиани.

Дзюдочилар Кевхишвилини дзюдони ривожлантиришга ажратилувчи давлат маблағларини, шунингдек, спортчиларга йирик мусобақалардаги ғалаба учун берилган мукофот пулларини ўзлаштиришда айблашмоқда. Уларнинг сўзларига кўра, федерация раҳбари тажрибали мураббийларни ишдан бўшатиб юбориб, уларнинг ўрнига ўз дўстларини олган.

Маълумот учун, Грузия терма жамоаси апрель ойида дзюдо бўйича жамоавий баҳсларда Европанинг тўққиз карра чемпионига айланди. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тбилисида клублардаги махсус амалиётдан сўнг тартибсизликлар рўй бергани хабар қилинганди.

Top