АҚШ автомобиллар импортига божларни ошириши мумкин
Қўшма Штатлар ҳукумати импорт автомобилларига олиб кириш божларини 25 фоизга ошириш имкониятини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда The Wall Street Journal вазиятдан хабардор манбаларга асосан маълумот берди.
Газета маълумотларига кўра, бундай ташаббус ҳозирча ишлаб чиқиш жараёнида турибди. Манбанинг қайд этишича, АҚШ Савдо вазирлиги лойиҳа ҳақидаги батафсил жиҳатларни пайшанба, 24 майда хабар қилиши керак. Нашрдан қўшимча қилишларича, божларни ошириш бўйича қарор «миллий хавфсизлик масалаларидан» келиб чиққан ҳолда қабул қилиниши мумкин.
Аввалроқ, АҚШ президенти Дональд Трамп пўлат ва алюминийга импорт божларини жорий этиш ҳақида қарор қабул қилди. Бу қонун қатор давлатлар томонидан танқид остига олинди, баъзилар АҚШга худди шундай чоралар билан жавоб қайтарди.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Япония АҚШ божларига жавоб чораларини тайёрлаб қўйгани хабар берилганди.