Иқтисодиёт | 10:03 / 24.05.2018
37030
4 дақиқада ўқилади

Reuters: Ўзбекистон «бузилган» бутун иқтисодиётини қайта қуриши керак

Фото: Getty Images

Ўзбекистон ўз валюта тизимини эркинлаштирганидан сўнг, ўн йиллаб вақт давомида қаттиқ валюта ва нарх сиёсати туфайли бузилган бутун иқтисодиётни қайта тиклаши керак. Бу ҳақда Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси вакиллари Reuters билан суҳбатда хабар беришди.

Мамлакат энергия ташувчиларга нархни кўтариш ёки ўзгарувчан шароитларга мослаша олмайдиган корхоналарни ёпиш каби оғриқли чораларни кўриши керак. Шу билан бирга, инфляцияни назорат қилиш ва бизнес муҳитини яхшилаш керак.

Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё бўйича бош иқтисодчиси Ганс Тиммер ҳукуматни ислоҳотлар суръатига мослашишга чақирди.

Халқаро валюта жамғармаси Яқин Шарқ ва Марказий Осиё мамлакатлари департаментининг директор ўринбосари Юха Кахконен алоҳида интервьюда инфляция билан курашиш мақсадида қатъийроқ бюджет ва пул-кредит сиёсати зарурлигини таъкидлади.

Сўм деярли икки баробарга девальвация қилингани билан кузатилган валюта эркинлаштирилиши кўплаб компанияларга таъсир кўрсатди. Уларнинг баъзилари, масалан, Бразилиядан хомашё импорт қилган шакар заводлари курашмоқда. Шакар учун хомашёнинг нархи улар учун сезиларли равишда ошди, шакарнинг чакана нархи эса аҳоли учун муҳимлиги туфайли белгилаб қўйилган ҳолда қолмоқда.

Бунинг ўрнига, ҳукумат қайта ишланган шакар импортини фаоллаштирди. Бу Ўзбекистонни жорий йилда Украина шакарининг энг йирик харидорига айлантирди.

«Айрим тармоқлар ва компаниялар учун имтиёзли режимни қисқартиришдан ташқари, иқтисодиётдаги бузилишларни бартараф этиш муҳимдир», - деди Тиммер. 

Унинг сўзларига кўра, бу ойда Жаҳон банки Ўзбекистонда энергия самарадорлик, боғдорчилик ва шошилинч тиббий ёрдам бўйича тўртта янги лойиҳани молиялаштириш учун 940 миллион доллар ажратди.

«Агар ислоҳотларнинг ҳозирги суръати барқарор бўлса, бу ажойиб бўлар эди», - дейди Тиммер. 

Шу билан бирга, унинг сўзларига кўра, Тошкентдаги ҳукумат «ислоҳотларнинг меҳнат бозорига таъсиридан жуда ташвишланмоқда» ва, катта эҳтимол билан, эҳтиёткорликда иш тутиши мумкин, сабаби ишсизлик Ўзбекистоннинг энг катта муаммоларидан бири ҳисобланади: миллионлаб одамлар ўз оилаларини боқиш учун чет элда ишлайди.

Кахконеннинг айтишича, шу сабабдан инфляция устидан назоратни қўлга киритиш асосий вазифалардан бири ҳисобланади:

«Ҳозирги кунда инфляция даражаси 20 фоиз даражасида ва менинг фикримча, ҳукумат уни қисқартиришга қодир, аммо бу янада қаттиқроқ молиявий ва пул-кредит сиёсатини талаб қилади», - деди у. 

Унинг фикрига кўра, энергетика соҳасидаги йўқотишларни камайтириш ва давлат субсидиясини камайтириш бўйича чоралар кўриш зарур.

Ўрта муддатли истиқболда «энергия ташувчиларга нархни кўтариш муҳим вазифа саналади, улар ҳозирда харажатларни қоплашдан анча паст», - деди Кахконен.

Унинг сўзларига кўра, давлат корхоналарини қайта ислоҳ этиш устувор йўналиш ҳисобланади, шунингдек, мамлакат иқтисодиётининг рақобатбардошлигини ошириш ва тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш йўли билан.

«Ўзбекистон кўплаб чекловлар ва қоидаларга эга, жуда юқори даражадаги давлат бошқаруви бўлган мамлакатга айланганини ҳисобга олиб, бугунги кунда кўплаб вазифалар турибди. Шунга қарамай, нархни либераллаштириш, валюта курсларини эркинлаштириш ва бошқа соҳаларда ишлар яхши бошланди», - дейди Кахконен. 

Нашр давлат компаниялари мавзусини давом эттириб, Ўзбекистон ўз давлат авиакомпаниясини хусусийлаштиришга тайёрлиги, аммо олтин конлари ва нефть компаниялари устидан тўлиқ назорат сақлаб қолишни режалаштираётганини эслатиб ўтди.

 

Мавзуга оид