Ўзбекистон | 08:13 / 25.05.2018
25896
3 дақиқада ўқилади

«Боланинг масжидга бориш-бормаслигини ота-она ҳал қилади» - Русланбек Давлетов

Фото: Адлия вазирлиги матбуот хизмати

24 май куни Адлия вазирлигида адлия вазири Русланбек Давлетов ОАВ вакиллари, журналист ва блогерлар билан мулоқот ўтказди. 

Azon.uz хабарига кўра, унда адлия вазири масжидга бормаслик ҳақида ёздириб олинадиган тилхатлар ҳақида берилган саволга қуйидагича жавоб қайтарди:

“Тилхат деган нарсага келсак, шахсан ўзим ходим бўлиб ишлаб юрганимда ҳам тилхат бермаганман. Тилхат билан ҳеч қандай янги ҳуқуқ ҳам кирмайди ёки янги мажбурият ҳам олинмайди. Фақат агар сиз фуқаролик муносабатига кириб тилхат берсангиз, дейлик кимдандир қарз олиб тилхат ёзсангиз буни суд тан олади. Тилхатнинг ана шу шартнома нуқтаи назаридан ўрни бор.

Энди бу талаб (болаларнинг масжидга кирмаслиги)нинг ўзи нотўғри. Болаларга биринчи навбатда мажбурий таълим-ку, шу масалада жуда катта муаммога эга бўлганмиз. Коллеждаги давомат 70, 50, 30 фоизни ташкил этган. Бунинг оқибатида салбий ҳолатлар келиб чиққан. Қанчалари четга кетиб қолган. Шунинг учун пастдаги раҳбарлар тилхат ёки бошқа бир назорат қилиш учун ўйлаб топадиган нарсалари. Тилхат билан ҳеч нарса ҳал бўлмайди. Ёзги таътил бўлишидан олдин тилхат ёздирилади. Бундай тилхатлардан воз кечишимиз керак. Жамиятни қонун-қоида билан тартибга солишимиз керак. Шунинг учун бундай тилхатларга қаршиман. Масжидга бориш масаласига келсак, бу масалани боланинг ота-онаси ҳал қилади.

Бу ерда мажбурий таълимни ҳам эътиборга олиш керак. У дарсга бориши, керакли фанларни ўқиши керак. Мен таълим сифати бўйича гапирмаяпман. Бу иккинчи масала. Лекин бугун бизнинг позициямиз, ота-она сифатида ҳам айтиб ўтишим керак. Менинг ҳам болаларим қизиқади. Диний масалалар бўйича ҳам гаплашамиз. Уларга сабоқ берамиз.

Бу масалаларни ота-она ҳал қилади. Бу шу даражадаги муносабат деб ўйлайман. Шунинг учун бу масалага ана шундай ёндашиш керак”, - деб айтган адлия вазири.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ адлия вазири ибодат либоси масаласига ҳам тўхталиб ўтганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид