Ўзбекистон | 16:44 / 25.05.2018
29368
2 дақиқада ўқилади

Россияда меҳнат муҳожирлари учун янги чеклов жорий қилинади

Фото: ТАСС/Сергей Карпов

Россияда ишлашга ҳуқуқ берувчи патентни олиш қийинлашади – Меҳнат вазирлиги визасиз давлатлардан келадиган меҳнат муҳожирлари учун янги чекловларни назарда тутувчи қонун лойиҳасини тайёрлаган. «Российская газета» хабарига кўра, ушбу ҳужжат Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Федерал порталига муҳокама учун жойлаштирилган.

Айни вақтда меҳнат муҳожирларига Россияда ишлаш учун патент олишдаги ягона тўсиқ – патент учун қиммат нархлар эди. Агар бирон ҳудуд меҳнат муҳожирларига талаб кўп эмаслигини маълум қилса, патент нархлари ошади, ҳар бир мигрант ҳам бундай патентларни сотиб ололмайди. Агар ҳудудда меҳнат муҳожирларига талаб мавжуд бўлса – нарх минимумга қадар пасаяди.

Аммо Меҳнат вазирлигидагилар бундай «тўсиқ» механизмини етарли деб билмаган ва янгисини таклиф қилган. Энди регионлар меҳнат муҳожирлари патент бўйича ишлаши мумкин бўлган мутахассисликлар рўйхатини тузади. Агар меҳнат муҳожири бу рўйхатдаги мутахассисликлардан бирига эгалик қилмаса, у ҳудудда ишлаш учун патент ололмайди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид