Спорт | 14:00 / 26.05.2018
56972
11 дақиқада ўқилади

Бугун ким қандай ўйнайди? Финал олдидан

Бугун клублар мавсумининг асосий баҳси ўтказилади. 

Зинедин Зиданнинг «Реал»и бугун кетма-кет учинчи марта Европа Чемпионлар Лигаси кубогини қўлга киритиш учун Юрген Клопп бошчилигидаги «Ливерпуль»га қарши майдонга тушади. Финал баҳсига Киевдаги «Олимпийский» стадиони мезбонлик қилади.

Учрашув Тошкент вақти билан соат 23:45да бошланади. Ўйинни ўзбекистонлик футбол ишқибозлари Futbol-TV телеканали томонидан жонли эфирда томоша қилишлари мумкин. Шунингдек, финал ўйини «Матч ТВ»да жонли эфирда узатилади.

Кимлар бошланғич таркибда?
«Ливерпуль» — кучли захира ўриндиғига эга эмас. Бу жамоанинг асосий заифлиги: ўйин давомида ҳужум чизиғини кучайтириш учун Клоппда фақат Соланке ёки Ингзни, ҳимоя марказига эса – фақат Клаванни тушириш имконияти мавжуд. Ҳужум чизиғи вакиллари ҳамиша бир хил таркибда майдонга тушиб келган ва ротация имкониятлари чекланган.

Шу туфайли «Ливерпуль» ҳар доимгидек 4-3-3 схемасида ўйинни бошлайди, Окслейд-Чемберленнинг жароҳатидан кейин ярим ҳимоя марказидаги учлик Милнер, Хендерсон ва Вейналдумдан иборат, бу учликни кучайтириш имконияти ҳам йўқ, Лаллана ва Жан ҳали спорт формасини тикламаган: бири жароҳатидан тузалиб қайтганидан кейин фақат 15 дақиқа майдонда ҳаракат қилди, иккинчисида шу ҳам йўқ. Ўйин давомида вазиятни ўзгартириш учун Клоппдан ижодий ёндашув талаб этилади.

«Реал»да — бутунлай акси. Бу жамоа мавсумнинг энг турланувчан жамоаси бўлди, яққол мисол: «Ювентус» билан ўйинларда «Реал» икки хил таркиб билан ҳаракат қилди.

Зидан амалдаги Европа чемпионларини кучли рақибга қарши хотиржам тайёрламоқда. У 3 нафар марказий ярим ҳимоячиларни майдонга ташлайди, уларга «ўнлик» ҳужумчи Иско ёрдам бериб, тўп назоратига жавоб беради. У рақиб прессинг уюштира олмай қолганида, асосий таянч ярим ҳимоячиси Каземиросиз ўйнаши ҳам мумкин, рақибга босим уюштириш лозим бўлганида Анчелотти услубида қанотларни кучайтириши мумкин. Битта нарса ўзгармайди: «Реал» ўйин давомида ўзгариб боради. Васкес, Асенсио ва Бэйл захира ўриндиғида Зиданнинг уларга кўрсатма бериб, майдонга ташлашини кутиб туришади, мураббий улардан аъло даражада фойдалана олади.

Фото: «Реал» матбуот хизмати

Финал арафасида мадридликларнинг бошланғич таркибида Бэйл бўлиши ёки бўлмаслиги кун тартибига чиққан. Кейинги икки мавсум финалида Зидан прагматизм орқали ғалабаларга эришди, бу прагматизм эса Каземирони Кроос ва Модрич, шунингдек «ўнлик» ҳужумчи Иско билан бирга майдонга туширишни талаб этарди. Иско бу ўйинларда қанотларда ҳам ҳаракат қилиб, жамоага катта фойда келтирган.

Барчасини қанотлар ҳал қилади
«Ливерпуль» мавсум давомида асосий натижаларига ўнг қанотдан уюштирилган ҳужумлар орқали эришиб келган. Бундай ҳужумлар Салоҳ орқали бошланади. «Реал» эса асосий ҳужумларни — Марсело ва Роналдунинг чап қанотидан уюштиради. Бу ўйинни шу футболчиларнинг ҳаракатлари ҳал қилиши кундек равшан. Айнан шу ерда кечанинг асосий тўқнашувлари бўлиб ўтади.

Марсело – Салоҳ. Марселонинг «Реал» ўйинига таъсирини Салоҳнинг «Ливерпуль»даги аҳамияти билан тенглаштириш — муболаға эмас. Ахир бразилиялик футболчи – Зиданнинг захира режаси, қачонки рақиб Модрич ва Кроосни прессинг қилиб, ҳаводан тўп узатишларни тўсиб қўйганида ҳужумларни уюштириш учун Марсело ёрдамга келади. Унинг жамоа ҳужумларидаги улушини унинг ўйин давомида берадиган пасларидан ҳам билиш мумкин: 57та, бу майдон марказида тўпни назорат қиладиган Модричнинг натижасидан фақат иккита кам. Марсело – «Реал»да зарба беришдан олдинги пас беришда ҳам иккинчи.

Фото: «Реал» матбуот хизмати

Ҳужумкорликда бундай ҳисса қўйиш учун ҳимояни унутишга тўғри келади. Марсело ҳам орқада қолмайди. У Роналду ва Иско қаторида энг кўп марта тўп йўқотадиган футболчилардандир. У ўз ортидаги ҳудудни бўш қолдириб, олдинга чопиб кетаверади ва ҳамиша ҳам вақтида қайта олмайди – бу ҳужумкор бразилча услубнинг ўзгинаси. Унинг жойини ёпиб туриш учун ҳамиша зарурат бор – шу туфайли Зидан 4-4-2 схемасидан фойдаланади.

Мавсум давомида Марсело «Реал» учун ҳимояда қанча муаммолар туғдирган бўлса, «Реал» уларнинг деярли барчасини ёпиб келганига гувоҳ бўлдик.

Чемпионлар лигаси финалида Марсело бу мавсумда бутун дунёни ўзига қаратган футболчи билан тўқнашади. Салоҳ ўнг қанот вингери сифатида ўйнайди, унга Марселодан яхшироқ прессинг қилувчи футболчини бириктириш лозим.

Бу қанотга иккинчи бўлимда Асенсио туширилишини кутиш мумкин. Айнан унинг чиқиши «ПСЖ»ни Мадридда синдирганди. Умуман олганда, «Ливерпуль» Александер-Арнольдга ишонилган қанотида 60-дақиқадан кейинги вақтни хатоларсиз ўтказмаса, – ҳайрон бўлманг.

Зидан ва Клоппдан шоу. Ўйинолди матбуот анжумани

«Реал» бош мураббийи Зинедин Зидан

Фото AFP

«Айтишим мумкинки, бу бизнинг энг қийин финалимиз бўлади. Бу инглиз жамоаси, улар ҳеч қачон таслим бўлишмайди. «Ливерпуль» жисмоний жиҳатдан яхши ҳолатда, аммо уларнинг устунлиги фақат жисмоний томонда эмас, улар техник жиҳатдан ҳам аъло ҳаракат қилишади. Бизнинг қаршимизда жуда кучли футболчилар.

Финалга чиқиш – мураккаб вазифа. Қаторасига учинчи марта финалга чиқишнинг сири - меҳнат ва иқтидор. Аммо, биз бу ўйинда фаворит эмасмиз, футболчилар орасида бундай фикр йўқ. Имкониятлар - 50/50. Роналдунинг аҳволи яхши. У ўйинга 140% тайёр.

Клопп билан фарқимиз? Мураббий сифатидами ёки футболчи? А, мураббий денг! Чунки, футболчи сифатида ундан чандон кучли эдим. Жиддий айтадиган бўлсам, Клоппни жуда ҳурмат қиламан. У тажрибали мутахассис ва катта ҳажмдаги ишни бажарди. Аммо, биз бир хил эмасмиз, бир-биримиздан жуда ҳам фарқ қиламиз. Бироқ, уни ҳурмат қиламан».

«Ливерпуль» устози Юрген Клопп:

Фото AFP

«Биз ҳамкорликда иш бошлаганимизда, ҳар қандай мағлубият учун барча жавобгарликни ёлғиз мен зиммамга олишимга келишгандик. Йигитлар эса барча фикрини ўйинга қаратишига. Тажриба, албатта, муҳим, аммо мен «Реал»га қарши ўйин арафасида ўзимизга ишончимиз юқорилигини ҳис қилмоқдаман. Бу футболчиларга қарши аввал ўйнамаганмиз, лекин биз шунчаки яхши жамоа эмас, катта мақсадларни ўз олдига қўйган «Ливерпуль»миз. Қонимизда ғалаба учун кураш бор.

Салоҳ Месси билан Роналду баҳсига аралаша оладими? Нима фарқи бор? Мураббий сифатида бу нарса мени хавотирга солмаяпти. Уларнинг иккаласи ҳам юксак эътирофга лойиқ, жисмоний ҳолати ҳам зўр. Агар Салоҳ уларнинг савиясига етиб олса, жуда зўр бўлади. У мавсумни яхши ўтказди, аммо олдимизда битта муҳим ўйин қолди. Кейинги йиллар эса Салоҳнинг юқори даражадаги рақобатга қанчалик тайёр эканини кўрсатиб беради»

Яна нималарга эътибор қаратиш лозим
Салоҳни персонал қўриқлаш. Буни кўздан қочириб бўлмайди: Зидан бу мавсумда кучли рақибларнинг асосий футболчиларига алоҳида футболчини бириктириш билан банд бўлган (Мессига қарши бу ёндашув ўзини оқламади), Салоҳни эса Моуриньо шундай йўл билан ишдан чиқарганди (Уни Эшли Янг тўлиқ ёпиб қўйганди). «Реал» уни қўриқлашни ярим ҳимоя вакилларидан бирига топширади, у Ковачич Салоҳга ўйин бермаслиги учун Искони қурбон қилишини кутиш ҳам мумкин – ҳа, бу хато юриш бўлмасди ҳам. Ёки ярим ҳимоя чизиғи вакиллари тўп «Ливерпуль»да бўлганида алмашиб Салоҳни қаршилаши мумкин.

«Ливерпуль»нинг узлуксиз прессинги оқибатида чарчамасдан илож йўқ. Чемпионлар лигасида урилган 40 голдан 18тасини мерсисайдликлар биринчи бўлимнинг 30 дақиқасида уришган. «Порту»га қарши 180 дақиқалик ўйинда амалда барчаси илк 30 дақиқаликда ҳал бўлганди (сафарда 2:0). «Манчестер Сити»га қарши 180 дақиқалик ўйинда амалда барчаси илк 30 дақиқаликда ҳал бўлганди (уйда 3:0). «Рома» билан илк ярим соатликда «Ливерпуль» 2 гол урган – аммо кейин римликлар бундай устунлик етарли эмаслигини ҳам кўрсатишганди.

«Ливерпуль»нинг яна бир заиф томони эрта хотиржамликка берилиш ёки эрта толиқиб қолиш. Жамоа 90 дақиқа давомида кучли ўйин намойиш эта олмайди, тезликка асосланган «Ливерпуль»га паузалар керак. Ўйиннинг охирги дақиқаларида ҳисобни ушлаб қолишга ўйнаш – бу жамоанинг устун жиҳати эмаслиги аниқ. Айни вақтда бу «Реал»нинг устунлиги, Примерадаги ўйинларда 80-дақиқадан кейин урилган голлар жамоага 20 очко келтирган.

Асенсио — Васкес боғлами. «Ливерпуль» ўйиннинг охирги қисмида чарчаб қолиши ҳақида Клопп «Рома»га қарши иккинчи ўйиндан кейин ҳам айтганди, бундан эса Зидан оқиллик билан фойдаланиши, ушбу футболчиларни майдонга тушириш орқали қанотлардан ҳужумкорликни кучайтириши мумкин. Бу улардан бири гол уриши ёки голли пас бериши кераклигини англатмайди: ундан кўра муҳим ишларни амалга ошириш ҳам мумкин. Масалан, Асенсионинг майдонга тушиши Марселонинг янада эркин ҳаракат қилишига йўл очади ва у қанотларда янада хавфлироқ ҳужумлар уюштира бошлайди. Ҳимояга босим ўйиннинг охирги дақиқаларида Роналдуга кўпроқ кенглик беради.

Фото: Getty Images

Ўйин сифати ҳеч нарсани англатмайди. «Бавария» устидан ғалаба шуни кўрсатди: мадридликлар чиройли ва сифатли ўйинсиз ҳам натижага эришишди.

Ва охиргиси. «Олтин тўп» учун фаворит ва андердог пойгасида кўп нарса ЕЧЛ финалида ҳал бўлиши мумкин. Бошқалар буни эсдан чиқарган бўлиши мумкин, аммо, Роналду ва Салоҳ эмас.

Фото: twitter.com/@ChampionsLeague

Бу эса финални янада томошабоп қилади.

Фото: twitter.com/@ChampionsLeague

Азиз Қаршиев 

Мавзуга оид