Жамият | 14:59 / 28.05.2018
20119
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёлик олим кашф этган янги металл қотишма Кореяда эътироф этилди

Фото: KUN.UZ

Жанубий Кореянинг Сежонг университети докторанти, қашқадарёлик ёш олим Элёржон Жумаев “The Korean Institute of Metals and Materials” таълим муассасаси томонидан олимлар ўртасида ташкил этилган конференцияда ўз кашфиёти билан ғолиб, деб топилди.

Кашфиётнинг моҳияти шундаки, у юқори легирланган янги металл қотишмани кашф этган. Юқори легирланган қотишмалар эса, асосан, баланд ҳароратда ишлайдиган, коррозиябардош ва механик характерини йўқотмайдиган қотишмалар бўлиб, ушбу металл қотишма ички ёнув двигателлари ва юқори юкламаларда ишлайдиган соҳаларда қўлланилади.

- Мазкур қотишма икки фазали микроструктурага эга бўлиб, юқори механик характеристикага эга ва баланд ҳароратда ўз ҳолатини йўқотмайди, - дейди ёш олим. – Бошқа легирланган қотишмаларга нисбатан зичлиги паст ва енгилроқ. 2016 йил ушбу металл қотишмани патентлаштирганмиз ва ҳозирги кунда ички ёнув двигателига қўллаш борасида ишлар кетмоқда. 

Маълумот учун, Элёржон Жумаев Тошкент давлат техника университетини тамомлагандан сўнг, Сежонг университетига, нанотехнологиялар ва илғор материаллар технологияси йўналишига ўқишга кирган. Магистр даражасига эга бўлган. 2016 йилнинг сентябрь ойидан бошлаб докторлик диссертацияси устида ишламоқда, шу билан бирга, наноструктурали металл материаллар лабораториясида илмий изланувчи докторант сифатида фаолият юритаётир. Ҳозирги кунгача 10дан ортиқ давлатда ўтказилган илмий конференцияларда муваффақиятли қатнашиб, кўплаб профессорлар назарига тушган олимнинг 2та илмий патенти мавжуд.

Сарвар Анвар ўғли,
KUN.UZ мухбири

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид