Жаҳон | 21:33 / 30.05.2018
7966
2 дақиқада ўқилади

Назарбоев маошлар ошмаслигида ҳукуматни айблади

Фото: akorda.kz

Остонада Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев раислигида Хавфсизлик кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди. Кун тартибига кўра, йиғилишда мамлакатдаги тузилмавий ва институтционал ислоҳотлар амалга оширилишининг бориши ҳамда Шимолий Қозоғистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши муҳокама қилинди. 

Назарбоев қолган масалалар қаторида давлат идораларининг фаолияти мамлакат фуқаролари фаровонлигини оширишга қаратилган бўлиши кераклигини айтди.

“Барча ишимиз аҳоли даромадларининг ошишига қаратилган бўлиши лозим. Агар бу юз бермаса, унда ҳукумат ўз ишини эплай олмаяпти”, деб таъкидлаб ўтган Қозоғистон президенти. 

Бундан ташқари, Назарбоев аҳолини иш билан таъминлаш, мажбурий ижтимоий тиббий суғурта тизимини жорий қилиш, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, ёшларга касбий таълим бериш ва уларнинг бандлиги масалаларига тўхталиб ўтган. У глобал трендлар ва юзага келган геосиёсий вазиятни ҳисобга олган ҳолда ривожланишнинг янги дастурларини ишлаб чиқиш зарурлигини айтган.

Қозоғистон президенти йиғилиш якунларига кўра ҳукумат ва бошқа давлат идораларига бир қатор аниқ вазифаларни топширган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид