Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Жиззах вилоятига Қозоғистон элчиси келди
Жиззах вилоят ҳокимлигига Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Ерик Утембаев ва ушбу дипломатик миссиянинг иккинчи котиби Руслан Рустамбековлар ташриф буюришди. Бу ҳақда Жиззах вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати KUN.UZ'га хабар бермоқда.
Меҳмонларни вилоят ҳокими Эргаш Салиев кутиб олди. Иқтисодий алоқаларни кучайтириш, Қозоғистон вакилларини вилоятдаги корхоналар, тадбиркорлик субъектлари ҳамда туризм инфратузилмаси билан таништириш мақсад қилинган ушбу учрашув аввалида вилоятнинг иқтисодий ва сайёҳлик салоҳиятини ифодаловчи тақдимот уюштирилди.
Жумладан, вилоятнинг цемент, аккумулятор, базальт толаси, арматура, калава ип, кийим-кечаклар ишлаб чиқариш корхоналари, пахтачилик, мева ва сабзавотчилик соҳаларининг имкониятлари, Зомин, Бахмал туманлари ҳамда Айдар-Арнасой кўллар тизимида сайёҳликни ривожлантириш бўйича маълумотлар берилди. Вилоятда барпо этилаётган нефтни қайта ишлаш ҳамда Uzbekistan Peugeot Citroen Avtomotive автомобиль заводларига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Шунингдек, “Жиззах” ва “Зоминфарм” эркин иқтисодий зоналари, ишлаб чиқарувчи ва инвесторлар учун солиқ, бож ва бошқа тўловлар борасида Ўзбекистонда юзага келтирилган енгилликлар ҳамда вилоятда кластер усулида фаолият кўрсатаётган хорижий тадбиркорлик субъектлари тўғрисида фикр юритилди. Айни вақтда яна учта чет эл компания ва фирмасининг бу борадаги тижорий таклиф ва лойиҳалари ўрганиб чиқилаётганлигини билдирди.
Бундан ташқари, Фориш тумани ҳудудида 20 минг гектар майдонни ўзлаштириш имконини берувчи “Караман” сув омбори қурилишига тўхталиб ўтилди. Маълум қилинишича, жадаллик билан кавланаётган сув омборини таъминловчи каналнинг 90 фоизи қазиб бўлинган. “Караман” сабаб ўзлаштирилган ерларда қанд лавлаги етиштириш ва бу жойда томчилатиб суғоришни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Вилоят ҳокими Қозоғистон вакилларига барча соҳаларда ҳамкорлик қилиш таклифини билдирди. Шунингдек, тадбирда иштирок этган Жиззах шаҳри ҳокими Акбар Шукуров вилоятда халқаро логистика марказини очиш бўйича фикрларини баён этди.
Ўз навбатида, Қозоғистон элчиси қозоқ иқтисодиётида юз бераётган янгилик ва ўзгаришлар ҳамда ўзаро ҳамкорлик имкониятлари ҳақида сўзлади. Хусусан, Остона, Олмаота, Чимкент ва Ақтўбе вилоятларида уй-жой қуриш бўйича йирик лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилаётгани боис вилоят саноати вакиллари билан қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқаришда ҳамкорлик қилиш, Жанубий Қозоғистондаги мелиорация тизимларини янгиланиши кўзда тутилаётгани сабаб суғориш лотокларини вилоятдаги корхоналардан олиш бўйича таклифлар билдирди.
Мавзуга оид
15:55 / 02.12.2025
Улуғбек Мустафоев Жиззах вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди
15:20 / 02.12.2025
Президент Жиззахда янги тиббиёт кластерининг дастлабки босқичи билан танишди
11:04 / 02.12.2025
Шавкат Мирзиёев “Афросиёб” поездида Жиззах вилоятига йўл олди
21:36 / 25.11.2025