Жаҳон | 11:53 / 31.05.2018
10221
2 дақиқада ўқилади

«АҚШ Суриядан чиқиб кетиши керак». Асад баёнот берди

Фото: Jung Yeon-je/ Reuters

Сурия президенти Башар Асад RT’га берган интервьюсида Америка Қўшма Штатлари Сурия ҳудудидан чиқиб кетиши кераклигини айтди.

«Бу бизнинг еримиз ва уни озод қилиш - бизнинг ҳуқуқимиз ва бурчимиз. Америкаликлар эса тарк этиши керак, эртами-кечми бу содир бўлади», - деди у. 

Асад АҚШ Ироққа «бирон-бир қонуний асосга эга бўлмаган ҳолда» бостириб кирганини таъкидлади.

«Ва бу ишдан нималар келиб чиққанини бир кўринг. Улар хулосалар чиқариши керак. Ироқ - бу истисно эмас, Сурия ҳам. Минтақамиз халқлари энди ташқи аралашувларга тоқат қила олмайди», - деди Асад. 

Унинг кўрсатишича, АҚШ бошчилигидаги Ғарб Суриядаги вазиятни ҳал бўлишига тўсқинлик қилмоқчи.

«Сурия армиясининг муваффақияти, сиёсий жараённинг ривожланиши ва умумий вазият яхшилангани, барқарорликка қаратилган ҳаракатга жавобан, бизнинг рақибларимиз бизни ғалабамиздан узоқлаштирмоқчи. Энг асосийси, бу АҚШ бошчилигидаги Ғарб ва уларнинг Европа ҳамда минтақамиздаги қўғирчоқлари, Суриядаги ёлланма одамлари. Улар террорчилик гуруҳларни қўллаб-қувватлаб, уларнинг янги кучларига Сурияга кириб боришда ёрдам кўрсатиб, сиёсий жараёнга тўсқинлик қилиб, шу ишларни амалга оширмоқдалар», - деди у.

Унинг айтишича, Дамашқнинг асосий вазифаси - Ғарбга қараганда тезроқ ҳаракат қилиш.

«Менинг фикримча, биз буни уддаламоқдамиз. Аниқ муддатларни айтиш қийин. Бироқ, биз бунга яқинлашмоқдамиз, бу аниқ кўриниб турибди», - дея айтиб ўтди Сурия президенти.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Суриянинг Абхазия ва Жанубий Осетия бўйича қарорини қоралаганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид