Жаҳон | 23:00 / 31.05.2018
3499
2 дақиқада ўқилади

Хорватияда полиция муҳожирлар кетаётган машинани ўққа тутди 

Фото: pixabay

Хорватия полицияси 29 нафар афғонистонлик ва ироқлик муҳожирларни олиб кетаётган  фургонни ўққа тутди. Фургон йўлида қўйилган блокпостни ёриб ўтмоқчи бўлган.

Оқибатда 9 киши яраланган: 2 бола оғир, бироқ барқарор аҳволда, қолганлар енгил жароҳат олган.

Таъкидланишича, воқеа 31 майга ўтар кечаси, Задар шаҳри яқинида юз берган. 

Полиция фургон мамлакатга ноқонуний тарзда киргандан кейин уни тўхтатиш учун блокпост ўрнатган. Фургон ҳайдовчиси босниялик бўлган ва воқеа жойидан яширинган. Ҳозирда у қидирилмоқда.

“Ҳайдовчи бир нечта огоҳлантиришдан кейин тўхтамаган. У блокпостдан ўтиб, полиция томон бостириб борган. Полициячилар ҳаётлари хавф остида қолгани сабабли ўқ отишга мажбур бўлишган”, деб айтган Задар полицияси бошлиғи. 

Муҳожирларнинг Европага тушишларида асосий Болқон йўналиши 2016 йилда Европа иттифоқи ва Туркия ўртасидаги келишувга кўра ёпилган. Бироқ минглаб одамлар ўтган йиллар ичида контрабандачилар томонидан очилган янги йўналиш бўйича Европа давлатларига кира олишган. Бу йўналиш, Грециядан Албания, Черногория, Сербия ва Босния орқали Хорватияга олиб боради.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид