17:53 / 01.06.2018
11065

МДҲ давлатлари ҳукумат раҳбарлари 13та ҳужжатни имзолашди. Улар қайси соҳаларда?

Душанбеда Мустақил давлатлар ҳамдўстлигига (МДҲ) аъзо давлатлар Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг мажлисида бир қатор ҳужжатлар имзоланди, дея хабар беради Россия ҳукуматининг матбуот хизмати.

Мажлис якуни бўйича жами 13та ҳужжат имзоланди. Улар орасида - Интеллектуал мулк бозори шакллантириш ва ривожлантириш тўғрисида битим, Электрон ва электротехник ускуналар чиқиндиларини бошқариш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим, Давлатлараро стандартлаштириш бўйича ҳужжатларни тарқатиш тўғрисида битим, божхона ишларида Ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисидаги битимга ўзгартишлар киритиш тўғрисида Баённома.

Учрашувда МДҲнинг 11 давлатидан олтитасининг ҳукумат раҳбарлари қатнашди - Дмитрий Медведев, Андрей Кобяков, Бақитжан Сагинтаев, Муҳаммадкалий Абилзагиев, Абдулла Арипов ва Қоҳир Расулзода.

Фото: primeminister.kz

Арманистон ва Озарбойжондан бош вазир биринчи ўринбосарлари қатнашди - Арарат Мирзоян ҳамда Ягуб Эюбов. Молдовадан республиканинг МДҲдаги доимий вакили Виктор Соочан, Туркманистондан вазирлар маҳкамаси раҳбари ўринбосари Рашид Мередов иштирок этди. Украина учрашувни эътиборсиз қолдирди.

Кенгашнинг кейинги мажлиси шу йилнинг ноябрь ойида Остонада бўлиб ўтади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тожикистон бош вазири Қоҳир Расулзода ва Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Ариповнинг учрашуви бўлиб ўтгани хабар қилинганди.

Top