Фан-техника | 15:15 / 03.06.2018
6869
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистон Agni-V баллистик ракетасини муваффақиятли синовдан ўтказди

Фото: ANI News

Якшанба куни Ҳиндистон 1 тоннадан ортиқ массали ядровий жанговор қисмларни ташишга қодир Agni-V қитъалараро баллистик ракетасининг синовларини муваффақиятли ўтказди. ANI ахборот агентлиги шу ҳақида хабар берди. 

Маълумотларга кўра, синовлар шарқий Одиш штати қирғоғидаги Абдул Қалам оролида жойлашган полигонда бўлиб ўтган. Бу ракетанинг олтинчи муваффақиятли синовларидир. Охирги синовлар 2018 йилнинг 18 январида ўтказилган эди. 

Agni-V'ни ишлаб чиқариш Ҳиндистонга 25 миллиард рупий (480 миллион доллар)га тушди. Ракетадан шунингдек сунъий йўлдошларни орбитага олиб чиқишда ҳам фойдаланиш мумкин. Уч босқичли ракетанинг узунлиги - 17 метр атрофида, оғирлиги эса - 50 тоннага яқин.

Agni сериясидаги баллистик ракеталар Ҳиндистон мудофаа вазирлиги бошқарилувчи ракеталари ишланмалари  комплекс дастури доирасида яратилган. Ҳозирда Ҳиндистон тасарруфида бундай ракеталарнинг тўрт тури мавжуд: Agni-I (700 км'гача парвозни амалга оширади), Agni-II (2 минг км'гача), Agni-III ва Agni-IV (2,5 минг км'дан то 3,5 минг км'гача).

Мавзуга оид