Спорт | 16:30 / 03.06.2018
7203
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда Халқаро велосипед куни муносабати билан марафон ташкил этилди

3 июнь - Халқаро велосипед куни муносабати билан илк маротаба Тошкент шаҳри, “Ашхобод” сайилгоҳида веломарафон ўтказилди. Унда Ўзбекистонда фаолият юритаётган дипломатик корпус вакиллари, чет эл ташклотлари ходимлари ва барча ҳаваскорлар иштирок этишди. 

Фото: Ўзбекистон велоспорт федерацияси

Тантанали маросимда Туркманистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси жаноб Шири Шириев, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистон Республикасидаги доимий вакили Ҳелена Фрейзер ва  Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазири Шоакрам Исроиловлар сўзга чиқишди.

Мазкур велопойгада 400га яқин иштирокчи қатнашиб, 4,5 км масофани босиб ўтишди.

Фото: Ўзбекистон велоспорт федерацияси

Худди ана шундай тадбир Тошкент вилоятининг Қуйичирчиқ туманида “Соғлом оила - жамият бойлиги” шиори остида ўтказилди.

Мазкур веломарафон Тошкент вилояти Хотин-қизлар қўмитаси, Тошкент вилояти Жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси ҳамда Ўзбекистон велосипед спорти Федерацияси Тошкент вилояти ташаббуси билан ўтказилди.

Мусобақа уч ёш тоифасида: 18-30, 31-45 ва 45 ёшдан ошган аёллар ўртасида ташкил этилди. Марафонда нафақат профессионал спортчилар, балки Қуйичирчиқ туманида патронаж хизматини олиб бораётган оддий ҳамширалар ҳам иштирок этишди. 

Қуйичирчиқ туманининг “Ойдинобод” МФЙ, Оққўрғон кўчаси бўйлаб жами 2,5 км масофага ўтказилган марофонда Қуйичирчиқ ва унга яқин ҳудудлардаги туманлардан 150 нафарга яқин хотин-қиз иштирок этишди. “Ғалабага бўлган интилиши учун”, “Энг фаол аёл пойгачи”, “Энг ёш аёл пойгачи”, “Энг маҳоратли пойгачи” ва “Энг ёши улуғ пойгачи” номинациялари бўйича ғолиблар аниқланиб, улар ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

Фото: Ўзбекистон велоспорт федерацияси
Фото: Ўзбекистон велоспорт федерацияси

 

Мавзуга оид