Жаҳон | 08:00 / 07.06.2018
3492
1 дақиқада ўқилади

Адан кўрфазини кечиб ўтиш вақтида 46 муҳожир ҳалок бўлди

Фото: AFP

6 июнда Адан кўрфазини кечиб ўтиш вақтида эфиопиялик 46 муҳожир ҳалок бўлди. Бу ҳақда Халқаро миграция ташкилоти матбуот котиби Леонард Дойл маълум қилди.  

Таъкидланишича, 37 эркак ва 9 аёл чўкиб кетган. Яна 16 киши бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда, бироқ улар ҳам ҳалок бўлгани тахмин қилинмоқда. 

Таъкидланишича, 6 июнь эрталаб Сомалидаги Босасо портида контрабандачилар қайиғига камида 100 нафар эфиопиялик муҳожир ўтирган. Улар Яманга иш излагани бормоқчи бўлганлар.

Омон қолганларнинг айтишича, қутқарув жилетисиз бўлган одамлар соҳил яқинида қайиққа катта тўлқин келиб урилганда ваҳима кўтаришган.

Халқаро миграция ташкилоти статистикасига кўра, Африка шохи ҳудудидан 7 мингдан кўпроқ муҳожир ҳар ой Адан кўрфазини кечиб ўтишга ҳаракат қилади. 2017 йилда бундай уринишни 100 мингга яқин одам амалга оширган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид