Ўзбекистон | 12:53 / 10.06.2018
16425
4 дақиқада ўқилади

ШҲТ саммитида Сурия, Украина ва Эрон масаласи. Якуний декларация қабул қилинди

Фото: © AFP / Wang Zhao

Шанхай ҳамкорлиги ташкилоти давлатлари етакчилари Хитойда бўлиб ўтган саммит якунларига кўра Цингдао декларациясини имзолашди, деб хабар бермоқда РИА Новости.

Ҳужжат остига Россия, Тожикистон, Хитой, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон, шунингдек, Покистон ва Ҳиндистон раҳбарлари ўз имзосини чекишди.

ШҲТ аъзо давлатлар етакчилари давлатлараро ҳамкорлик, терроризмга, наркотик моддаларга, эпидемияларга ва атроф-муҳитнинг ифлосланишига қарши курашга тааллуқли 17та ҳужжатни қабул қилишди.

Жаҳондаги вазият

Декларацияда Сурия, Эрон, Украина ва Корея яриморолидаги вазиятлар бўйича масалалар ҳам кўтарилган.

Томонлар Суриядаги сиёсий жараённинг муқобили йўқлигини яна бир марта тасдиқлаб, жанговар ҳаракатлар тўхтатилаётган зоналарда келишувларни бажаришга чақиришган. Ҳужжатдан келиб чиқишича, инқирознинг ҳал этилиши БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюциялари қоидаларига мувофиқ олиб борилиши ва «Суриянинг мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлиги, суверенитети заруриятидан келиб чиқилиши» лозим.

Бундан ташқари, ШҲТ етакчилари Эрон ядровий дастури бўйича Қўшма умумқамровли ҳаракатлар режаси қатнашчиларини келишув доирасида ҳамда бутун жаҳон ва минтақада барқарорлик сақланиши учун ўз мажбуриятларига риоя қилишга чақиришди. Улар шунингдек, Украинадаги инқирозни Минск келишувлари асосида сиёсий йўл билан тартибга солишни ёқлаб чиқишди.

Томонлар КХДР ва АҚШ ўртасидаги алоқаларни ҳам қайд этиб, барчани музокара жараёнига кўмак беришга чақиришди.

Декларацияда терроризмга қарши кураш ҳақида ҳам сўз боради. Хусусан, ШҲТ мамлакатлари раҳбарлари қайтаётган хорижий жангари-террорчилардан келаётган ва тобора ошиб бораётган таҳдидни тилга олишди. Томонлар улар ва уларнинг кўчиб юриши ҳақидаги ахборотларни алмашинув механизмини такомиллаштириш билан бирга ёшларнинг экстремистик гуруҳларга жалб этилишига қарши биргаликда курашишни таклиф этишди.

Иқтисодий ҳамкорлик

Ҳужжатда ШҲТ давлатлари ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик масалаларига ҳам алоҳида эътибор берилган. Қайд этилишича, томонлар савдо ва инвестицион фаолиятда миллий валюталардан фойдаланиш ҳажмини ошириш истиқболларини ўрганишади.

Шунингдек, ШҲТ саммити қатнашчилари микро, кичик ва ўрта тадбиркорлик соҳасида ҳамкорликни рағбатлантириш бўйича англашув меморандумини имзолашди.

Бундан ташқари, ташкилот аъзолари туризм соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш ниятида.

Спорт сиёсатдан холи

Декларацияда спорт мавзуси ҳам тилга олиб ўтилган. Саммит қатнашчиларининг фикрича, спорт мутлақо сиёсатдан холи бўлмоғи керак. Қайд этилишича, бир неча кундан сўнг старт оладиган футбол бўйича жаҳон чемпионати, ушу бўйича халқаро турнир, ШҲТнинг мунтазам марафонлари, ҳар йили ўтказиладиган Халқаро йога куни тинчлик ва дўстликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

ШҲТ саммити Хитойнинг Цингдао денгиз соҳилидаги шаҳрида 9–10 июнь кунлари бўлиб ўтди.

ШҲТ — 2001 йилнинг 15 июнида Хитойнинг Шангҳай шаҳрида асос солинган, доимий асосда фаолият юритувчи ҳукуматлараро халқаро ташкилот ҳисобланади. Айни пайтда Покистон, Россия, Тожикистон, Хитой, Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Ҳиндистон ШҲТга аъзо мамлакатлар саналади. Афғонистон, Беларусь, Эрон ва Мўғулистон ШҲТ ҳузуридаги кузатувчи давлатлар статусига эга.

Мавзуга оид