16:49 / 10.06.2018
20220

Ўзбекистон иқтисодиёти ривожи йўлидаги тўсиқлар - янги фармон лойиҳасида 

Иқтисодиёт рақобатбардошлигини ошириш, юқори технологияли ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва ривожлантириш, шу билан бирга бизнесни рағбатлантириш Ўзбекистон учун устувор аҳамиятга эга. Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган президент фармонида шу ҳақида сўз юритилади. 

Ҳужжатда юқоридаги мақсадларга эришиш учун хусусий мулкни муҳофаза қилиш ва дахлсизлик кафолатларининг ҳуқуқий механизмларини мустаҳкамлаш, бюрократияга чек қўйиш, сармоявий иқлим ва ишчи муҳитни яхшилаш зарурлиги қайд этилган. 

"Бизнесни рағбатлантириш ва ривожлантириш, шунингдек хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга доир  давлат чоралари қабул қилинганига қарамай, тадбиркорлик тўғрисидаги амалдаги қонунчилик базаси такомиллашувни талаб қилади, зеро уларнинг баъзилари ҳануз расмий характерга эга", - дейилади фармон лойиҳасида.

Вазирлик қонун лойиҳасида келтирилишича, қонунчиликдаги камчиликлар истиқболли венчур, инновацион компаниялар ва лойиҳаларни молиялаштириш билан боғлиқ тушунчалар ва мезонларнинг йўқлигида акс этмоқда. Ҳужжатда тадбиркорлик ва инновациялар соҳасидаги лойиҳаларни молиялаштириш механизмларини самарали ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган қатор салбий омиллар келтирилади. 

Экспертларнинг фикрича, энг аввало сармоячилар ва ишбилармонлар ўртасидаги муносабатларда етарлича эркинликнинг йўқлиги, шунингдек сармоявий фаолиятнинг профессионал иштирокчилари устидан ўрнатилган қатъий назорат маҳаллий бизнес ва иқтисодиёт ривожига тўсқинлик қилади. 

Шундан сўнг халқаро амалиётда қўлланилувчи инновацион, венчур ва истиқболли лойиҳаларга пул воситаларини мослашувчан сармоя қилиш имконини берувчи молиявий жиҳозларнинг етишмовчилиги қайд этилган. 

Мамлакатда шунингдек шартнома асосида тижорат келишувларини имзолаш ва шарт-шароитларни мустақил равишда белгилаш имконини берувчи ривожланган инфратузилма йўқ.

Бундан ташқари, ҳужжатда ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва интеллектуал мулк ҳимояси соҳасидаги амалдаги қонунчилик базаси умумэътироф этилган жаҳон стандартларига мувофиқ келмаслиги таъкидланган. 

Top