Ўзбекистон | 18:42 / 11.06.2018
29384
6 дақиқада ўқилади

Ёшлар Иттифоқи механизми қанчалик тўғри?

Шахс ва шахсиятни тинч қўйиб, тизим ҳақида гаплашмаймизми?

Журналист ва блогер Диёр Имомхўжаев фейсбукдаги саҳифасида Ёшлар иттифоқи билан боғлиқ вазиятга муносабат ўлароқ пост қолдирди.

Токи шахсга сиғиниш ва шахсларга қарши кураш давом этар экан, бу ишимиздан чанглаттанинг иси анқийдиган бўлиб қолади. Ёшлар Иттифоқининг каттаси ва оддий журналист ўртасида пайдо бўлган дуэль сабаб кулишни ҳам, йиғлашни ҳам билмай қолдим.

Чунки инсон хато қилади, билмай гапириб қўяди. Шу хаёл билан қараганда, Қуранбоевни тушуниш мумкин. Бироқ Иттифоқдек катта ташкилот раҳбари ҳар бир жумласини ўйлаб гапиришга мажбурки, Қаршиев кўрсатиб бераётган миллий журналистиканинг ҳозирги позицияси шуни талаб қилади.

Мен саволни бошқача қўйишни истардим. Келинг, шахсларни тинч қўяйлик. Зеро Қуронбоевга қарши чиқаётганлар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қиляпти, унинг ёни бўлаётганлар эса шахсга сиғинаётгандек таассурот қолдиряпти. Агар биргина инсоннинг ишдан олиниши ва унинг ўрнига янгиси келиши Ёшлар Иттифоқи армияси кучига соя солса, демак биз йиллар давомида кучли, ўз позицияси бор ёшларни эмас, шунчаки зомбиларни тарбия қилган бўлиб қоламиз. Ҳозирги ҳолат катта Каримова атрофида жам бўлиб аюҳаннос солган ёшларни сизга эслатгандек бўлмаяптими?

Фарқи йўқ – Иттифоқни Қуронбоев бошқарадими ёки бошқаси (кейингиси ҳам, ўзи ҳам энди етти ўлчаб бир кесишга мажбур). Аммо Ёшлар Иттифоқи механизми қанчалик тўғри деган саволни нега қўйиб кўрмаймиз? Битта инсон ҳам, битта катта ташкилот ҳам мутлақо айри йўлда бўлиши катта эҳтимол. Биз монопол корхона-ю ташкилотлардан азият чекканимиз етмаётгандек, ўзимиз бошқасини ишга тушириб қўйишимиз қанчалик тўғри? Айтайлик, ҳокимият илинжида камида 4та партия кураш олиб боради. Улар ўзининг йўли, ўз принциплари ва қарашлари фонида рақобат ҳосил қилади. Уларнинг ёнига мухолифат партиялари қўшилиши, турфикрлиликни янада оширади, кимдир кўрмаётган камчиликни ўша оппозиция эслатиб туради.

Аммо Ёшлар Иттифоқи битта ва унга ажратилган каттагина маблағ мавжуд. Агар бизда унинг каби яна 2—3 ташкилот бўлганида, вазият бироз бошқача кўриниш олиши мумкин эди. Қуронбоев ҳам, унинг иттифоқчилари ҳам ким биландир ҳисоблашарди, рақобатда ютиш учун интиларди. Ҳозирги ҳолатда эса улар ўз йўналишида монопол. Шунинг учун ҳам Иттифоқ аъзоларининг ҳаммасини иқтидорли, унга аъзо бўлмаганларни иқтидорсиз дея олмайсиз. Буни ўша Иттифоқ ичида бўлмаса-да, шундай катта ташкилотга бемалол тош отаётган ҳеч бўлмаганда биргина журналистнинг бор экани ҳам кўрсатиб турибди. Чунки ўша ёш журналист ташкилот каттасининг кичик хатосини кўрсатиб, бу ишнинг ноқонуний томонини очяпти, Қаршиевга қарши чиқаётганлар эса Қуронбоевнинг фозил ва қобил инсон эканига урғу беряпти (катта эҳтимол билан шундай бўлиши ҳам мумкин). Энг ёмони ҳам шу. Зеро биз бирор шахсни эмас, Конституцияни афзал деб билганимиздагина ўзимиз истаётган жамият қура олишимиз мумкин.

Ўйлаб кўринг, Ёшлар Иттифоқи раисини оқлаш акцияси қанчалик катта резонанс келтириб чиқарди. Демак, улар сайловларга ҳам бевосита таъсир ўтказиши, бирор масаланинг у ёки бу ёқлик бўлишига «ҳисса» қўшиши мумкин. Мен Ёшлар Иттифоқи ёмон ишлаяпти, нотўғри ишлар қиляпти демоқчи эмасман. Аммо у қанчалик тўғри йўлда эканини ҳеч бўлмаганда ўзи учун билиб олиши йўлида ҳам рақобатчилари керак, оппозиция керак. Ҳозирги ҳолат эса жамиятни тенг иккига бўлиб қўяётгани учун ҳам хавфлидир. Президентимиз давлат ичидаги давлатчаларга қарши қанчалик самарали кураш олиб бораётганини кўриб турибмиз ва кеча яна кўряпмизки, бошқа бир кичик давлат вужудга келяпти. Шунинг учун ҳам у яққол монопол бўлиши керак эмас.

Мен Қуронбоевни танқид қилиш фикридан йироқман. Уни шахсан танимайман, у яхши ишларга бош бўлиши керак бўлган ташкилотнинг раҳбари, елкасида каттагина масъулият юки бор бўлган инсон. Аммо ҳозир «Камолот» ва «Ёшлар Иттифоқи»нинг фарқини тушунишни жуда истардим. Балки ичида бўлмаганим учундир, менга фарқи каттадек кўринмайди. Кучли фуқаролик жамияти қуриш истагида бўлсак, биз шамол қай тарафга эсса, унинг кетидан янги ташкилотга югуриб борадиган ёшлар учун имтиёз беришимиз шарт эмас. У хоҳ «Келажак овози» бўлсин, хоҳ «Камолот», хоҳ «Ёшлар Иттифоқи», фарқи йўқ. Мен ишонаманки, шу ташкилотларнинг бирортаси билан ҳамкорлик қилмаган, ўз йўналишида етакчи, позицияси қатъий бўлган ёшлар ҳам кўп. Агар уларни бўлиб қўйишни, бир-бирига қарши кураши мантиқсиз, сифатсиз эмас, қонуний, рақобатбардош бўлишини истасак, механизмни тўғрилашимиз керак. Менимча у ҳозир бироз хато ишлаяпти.

P.S. Қуронбоев таксига ўтказиб юборган келин-куёв масаласида ортиқ фикр билдиришни истамасдим. Умид қиламанки, бу ишнинг тўғри эканини уқтираётган ёшларимизнинг ҳаммаси ўз тўйига таксида боради, аллақачон оила қурганлари бўлса, камхарж тўйларда намуна бўлади.

Пост сўнгида Давлетовнинг ўзимга жуда ёққан фикрини келтириб ўтаман: «Фикримизча, ҳар бир фуқаро, ҳар бир журналист давлат бюджети, яъни сизу бизнинг солиқларимиз ҳисобидан фаолият юритадиган ташкилот ва унинг мансабдор шахсларини танқид қилишга, унинг истеъфосини талаб қилишга, бу борада ўз фикр-мулоҳазаларини очиқ-ойдин билдиришга ҳақли. Бундай фикр билдириш учун фуқаро ёки журналист «ўзи ниманидир қойиллатиб қўйган бўлиши шарт эмас».

Мавзуга оид