Ўзбекистон | 12:29 / 14.06.2018
22103
9 дақиқада ўқилади

Тайлоқдаги корейс инвестори билан боғлиқ масала: МИБда иккита ижро варақаси бор

KUN.UZ сайтида самарқандлик блогер Мирзо Субхановнинг жанубий кореялик инвесторга тегишли, суд томонидан унга қайтариб берилиши ҳақида қарор чиққан, Мажбурий ижро бюроси Тайлоқ туман бўлими томонидан хатланган мол-мулки талон-торож этилаётгани ҳақидаги блогпости кўчириб босилган эди.

Ушбу маълумотлар сайтимизда эълон қилингач, Мажбурий ижро бюроси блогпостда кўрсатилган ҳолатлар бўйича таҳририятга раддия тақдим этди.

Биз ушбу воқеани ўзимиз чуқурроқ ўрганишга қарор қилдик.

Ўзи нима бўлган?

Тайлоқ туманидаги «Ideal Klass Qurilish» МЧЖ Жанубий Кореядаги «Korea Uzbekistan Technology Collaboration» Co. Ltd билан 2014 йилдаги шартномаси асосида 312 минг АҚШ долларига тенг бўлган, тошни шағалга айлантирувчи ускуналарнинг бутловчи қисмларини олиб кириш борасида шартнома имзолайди. «Ideal Klass Qurilish» МЧЖ «Ҳамкорбанк»дан 100 минг АҚШ доллари кредит олиб, уни Жанубий Корея фирмасига ўтказиб беради.

Корейс тадбиркорлар 312 минг долларлик маҳсулотларни етказиб беради ва оғзаки келишув асосида 212 минг доллари ҳисобига корхонанинг устав фондига кириб, қўшма корхона тузишмоқчи бўлишади. Корейс фирмаси вакилининг судда айтишича, кейинчалик тайлоқликлар ваъдасига вафо қилишмайди, орада зиддият келиб чиқади.

«Ideal Klass Qurilish» МЧЖ таъсисчиси ва директори Жамшид Исрофилов судда ускуналарнинг ўзи нархи 100 минг АҚШ доллари бўлганини эътироф этади. Бироқ Давлат божхона қўмитаси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармасининг маълумотномасига кўра, Ўзбекистонга «Korea Uzbekistan Technology Collaboration» Co. Ltd томонидан айнан 312 минг долларлик ускуналар олиб кирилган.

Самарқанд вилоят хўжалик судининг 2017 йил 5 майдаги қарорига кўра, «Ideal Klass Qurilish» МЧЖ томонидан фойдаланиб келинаётган 312 минг долларлик ускуна «Korea Uzbekistan Technology Collaboration» Co. Ltd ишончли вакилига қайтарилиши; «Korea Uzbekistan Technology Collaboration» Co. Ltd эса ускуна учун банк орқали кўчириб берилган 100 минг АҚШ долларини «Ideal Klass Qurilish» МЧЖга қайтариб бериши лозим.

Иш 2017 йил 6 июндан ижрога ўтган. Бу орада «Ideal Klass Qurilish» МЧЖ суд қароридан норози бўлиб, ариза ёзган ва суд кассация инстанциясида кўриб чиқилган ва 2017 йил 8 сентябрда биринчи инстанция суди чиқарган қарор ўзгаришсиз қолдирилган.

МИБга нима эътироз?

«Korea Uzbekistan Technology Collaboration» Co. Ltd ишончли вакили, жанубий кореялик Ан Сунг-Ҳога кўра, дастлабки марта 2017 йил июнь ойида хатланиб, муҳрланган ускуналар «Ideal Klass Qurilish» МЧЖ томонидан мунтазам равишда ишлатиб келинган.

Биз воқеа жойига борганимизда ускуналар 2018 йил 30 май санаси билан муҳрланганига гувоҳ бўлдик. Ҳолбуки, мурожаатчиларнинг фикрича, муҳр ижро кучга кирган сана — 2017 йил 6 июндан бошлаб муҳрланган, улар суд қарорига кўра эгасига қайтарилгунига қадар ишлатилмаётган бўлиши керак эди.

МИБ Тайлоқ тумани бўлими бошлиғи Умид Мардоновнинг Kun.uz’га маълум қилишича, сўнгги марта ускуналар 2018 йил 16 январь куни муҳрланган ва «Ideal Klass Qurilish» МЧЖга оғзаки равишда огоҳлантириш берилган. Ундан олдинги — 2017 йилги муҳр бузилишини эса кучли ёмғир остида қоғозларнинг ивиб, йиртилиб кетиши билан тушунтирди МИБ Самарқанд вилоят бошқармаси суд ҳужжатлари ва бошқа орган ҳужжатларини ижро этиш бўлими катта инспектори Одил Тўхтаев.

Ан Сунг-Ҳога кўра, ускуналарнинг суд қароридан кейин ҳам ишлатилиши жавобгар томонидан ноқонуний даромад топиш ва ускуналарнинг эскиришига сабаб бўлгани важ сифатида келтирилмоқда.

Гарчи ускуналар 30 май санаси билан муҳрланган ва улар ишлатилмай турганига 13 июнь куни гувоҳ бўлган эсак-да, М.Субханов блогпостини эълон қилган 2018 йил 3 июнь санасидан бир кун аввал — 2 июнь куни ҳам ускуналар ишлаб тургани видеосини ўз блогида жойлаштирган ва бунга гувоҳлари ҳам борлигини айтмоқда. Бу эса ускуналар орқа сана билан муҳрланган, деган даъвони келтириб чиқармоқда.

2018 йил 5 июнь куни Тайлоқ туман маъмурий суди қарорига кўра, Тайлоқ туман Деҳқонобод МФЙда сақланаётган 312 минг долларлик тош майдаловчи ускуналарнинг муҳрини бузиб, ишлатгани учун «Ideal Klass Qurilish» МЧЖ директори Ж.Исрофиловга 2 минимал иш ҳақи миқдорида жарима кўринишидаги маъмурий жазо қўлланилган.

Ушбу жазони ускуналарга ёпиштирилган муҳрни биринчи бузишдаёқ қўллаш учун нима тўсқинлик қилган, деган саволни ўртага ташлашмоқда мурожаатчилар. Муҳр бузилганидан сўнг асбоб-ускуналар қайта инвентаризация қилинмаган, деган важни келтиришмоқда улар.

Биз ўрганганимизда…

Мирзо Субханов ўз блогпостида Самарқанд вилоят хўжалик суди ўша суд қарори билан «Korea Uzbekistan Technology Collaboration» Co. Ltd’дан 100 минг АҚШ долларини «Ideal Klass Qurilish» МЧЖга қайтариб бериш ҳақида ҳам ижро варақаси чиқариб бергани ҳақидаги маълумотни ташлаб кетган. Тан олиш лозим, бу фактнинг яширилиши Тайлоқ туман МИБ «Ideal Klass Qurilish» МЧЖга «енг ичида» ёрдам қилмоқда, деган нотўғри хулосанинг келиб чиқишига хизмат қилган.

Мажбурий ижро бюроси томонидан таҳририятимизга тақдим этилган раддияда ижро ҳаракатлари параллел равишда амалга оширилиши томонларга бир неча марта маълум қилингани ҳақида ёзилади. Уларнинг бир вақтда ижро этилиши бир-бирига тўсқинлик қилмаслиги билдириб ўтилган.

Бироқ, суд қарорида бу ўз аксини топмаган ва ижро ҳаракатлари алоҳида-алоҳида амалга ошириши ҳам бир бирига асло халақит бермайди, дейди блогер.

Яъни, М.Субхановнинг даъвосига кўра, МИБ «Korea Uzbekistan Technology Collaboration» Co. Ltd’дан 100 минг АҚШ долларини ундиришга уриниб ишни чигаллаштирмоқда.

Парадокс ҳолат юзага келган

МИБ Тайлоқ тумани бўлими бошлиғи Умид Мардоновнинг айтишича, «Korea Uzbekistan Technology Collaboration» Co. Ltd’нинг Ўзбекистонда мол-мулки йўқ. Идораси ҳам йўқ. Фақат бир нафар ишончли вакил билан иштирок этмоқда.

«Korea Uzbekistan Technology Collaboration» Co. Ltd’нинг ишончли вакили Ан Сунг-Ҳога МИБ туман бўлими қошида хорижий валютада депозит ҳисоб-рақам очилиб, 100 минг АҚШ долларини тўлаши, сўнгра ускуналарни олиши мумкинлиги айтилган. Бироқ корейс томони пулни тўлашни истамаяпти. Улар ускунани олиб, сотиб, кейин 100 минг долларни қайтариб беришмоқчи.

Энди ўзингиз ўйланг: ҳозир суд қарорига кўра «Ideal Klass Qurilish» МЧЖ фойдасига 100 минг доллар ундирилмасдан, корейсларга ускуна қайтариб берилса — улар ҳеч кимга билдирмасдан харидор топиб, 100 минг долларни тўламасдан юртимиздан чиқиб кетишса — ҳамон ўша кредитни ёпаётган «Ideal Klass Qurilish» МЧЖнинг зарарини ким қоплайди? (Буларнинг Ўзбекистонда ҳеч қандай офиси ёки ваколатхонаси йўқлигини эсдан чиқарманг). Шу сабабли, МИБ корейсларнинг унадиган ягона нарсасини «гаров»га олиб турибди.

Нима қилмоқ керак?

Айни вазиятда энг осон ва тўғри ечим — ускунани аукционда сотиш, жавобгарнинг улушидан даъвогарга зарарларни қоплаб, бўлиб беришдир. Бироқ хўжалик судининг қарори бунга изн бермайди. Давлат ташкилоти кафолатлаб турганда нега 100 минг долларни корейслар депозитга киритиб қўйишдан бош тортаётгани ҳам жумбоқ. Ишлатилиб, эскирган ускуналарни барибир Кореяга қайтариб олиб кетишолмаслиги аниқ.

Мажбурий ижро бюроси томонидан Kun.uz таҳририятига тақдим этилган раддияда блогер масалага бир томонлама ёндашгани ва маълумотлар асоссиз эканлиги қайд этилган.

Лекин блогер чиндан ҳам корейс тадбиркорини манфаатларини ҳимоя қилиб, масалага бир томонлама ёндашган (масалан, суд қарорида корейс фирмаси 100 минг долларни қайтариши кераклиги ҳақида банд бўлса-да, уни кўрсатиб ўтмаган) бўлса-да, асосли маълумотларни ҳам келтиргани ойдинлашмоқда. Чунки сўнгги сана — 2 июнга қадар МИБ томонидан муҳрланган ускуналар «Ideal Klass Qurilish» МЧЖ томонидан ишлатиб келинган ва бунга қарши чора қўллашда Тайлоқ туман МИБи сусткашликка йўл қўйган.

Айни пайтда ишдаги ҳужжатларда муҳрларни қалбакилаштириш, ҳужжатларни сохталаштириш каби ҳолатлар бўйича тергов ишлари олиб борилмоқда. Тергов якунларига кўра ижро ҳаракатларига ўзгартиришлар киритилиши мумкин. Kun.uz ушбу мавзуни кузатишда давом этади.

Шуҳрат Шокиржонов,
Kun.uz журналисти

Мавзуга оид