Жаҳон | 21:44 / 15.06.2018
7903
2 дақиқада ўқилади

Трамп ва Ким Чен Ин телефон рақамлари билан бўлишишган 

Фото: KCNA / Reuters

АҚШ президенти Дональд Трамп Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Инга ўзининг мобил телефони рақамини берган. Бу ҳақда Трампнинг ўзи Вашингтонда журналистларга маълум қилган. 

Трампнинг айтишича, у буни агар зарур бўлса Ким у билан тўғридан-тўғри боғлана олиши учун қилган. “Энди у бирор-бир муаммога эга бўлса, менга қўнғироқ қилиши мумкин, мен эса унга”, деб айтган Трамп. Трампнинг айтишича, у 17 июнда Ким Чен Ин билан телефон орқали суҳбатлашмоқчи. 

Трамп журналистларнинг саволларига жавоб бериш давомида ядровий уруш бошланишини истамаслиги сабабли Пхеньянга инсон ҳуқуқларига амал қилиниши масаласи бўйича босим ўтказмаётганини маълум қилган. “Чунки мен ядро қуроли сизни ва сизнинг оилангизни йўл қилаётганини кўришни истамайман. Агар биз урушсак, миллионлаб одамлар ҳалок бўларди”, деб айтган Трамп.  

Май ойида Трамп маълумотларни ҳимоялашнинг замонавий воситалари бўлмаган мобил телефондан фойдаланиши маълум қилинганди. Бир йил аввал эса Трамп танишишга улгурган ҳамкасбларига ўз телефон рақамини бергани маълум бўлганди.

Мавзуга оид