Иқтисодиёт | 16:33 / 19.06.2018
4064
2 дақиқада ўқилади

Испания ташқи иқтисодий фаолияти маҳкамаси Тошкентда офис очиши кутилмоқда 

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икрамов Тошкент шаҳрида Испан ташқи савдо ва инвестицияси агентлигининг офисини очишни таклиф қилди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда. 

19 май куни Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ташкилотчилигида Тошкент шаҳрида иш бошлаган «Кўп томонлама ҳамкорлик» ўзбек-испан форумида шундай таклиф билдирилди. 

«Мен жаноб элчидан [Испаниянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Игнасио Ибаньеса] тез орада Тошкент шаҳрида агентликнинг офиси иш бошлашида кўмак беришини сўрайман», – дейди Икрамов ўзбек-испан бизнес форумида давомида. 

Тошкент шаҳрига етиб келган испан делегацияси таркибида Испания қироллиги Иқтисодиёт вазирлиги халқаро савдо ва инвестициялар бўйича раҳбарияти, Испания саноати ва рақобатбардошлиги мутасадди вакиллари, FIEM испан жамғармаси ва 20дан ортиқ йирик компания вакиллари форумда фаол қатнашмоқда. 

Делегация таркибида бўлган қироллик вакилларининг кўпчилиги инфратузилма ва фуқаролик қурилиш лойиҳаларини амалга ошириш билан шуғулланади. 
Ўзбекистон ҳукумати испан ишбилармонларини мамлакатда самарали фаолият олиб боришида етарлича имкониятларни тақдим этишга тайёр эканлигини билдирди. 

 «Биз Испанияни муҳим ҳамкорлар қаторида кўрамиз, негаки Испания Евроиттифоқ таркибида бешинчи иқтисодиётга эга. Испания биз учун, стратегик дея олмасам-да, истиқболли ҳамкорлардан бири саналади», – деб таъкидлаган Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси. 

ICEX агентлиги Испания қироллигининг чет элдаги иқтисодий манфаатлари ва унинг ҳамкор давлатлар билан алоқаларни қўллаб-қувватлаш учун хорижда 100га яқин офисларни ташкил этган.

Мавзуга оид