Ўзбекистон | 02:57 / 19.06.2018
118254
2 дақиқада ўқилади

Сергели автомобиль бозори кўчириладиган жой маълум 

Жорий йилнинг 18 июнь куни Тошкент шаҳридаги Ботаника боғида ўтказилган «Топ-500» анжумани доирасида шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Жаҳонгир Ортиқхўжаев Сергели автомобиль бозори кўчирилиши мумкин бўлган ҳудудни маълум қилди. 

«Аксарият ҳокимият мулки ва давлат хизматларини хусусий секторга аутсорсинг асосида топширамиз ёки сотамиз. Масалан, ҳокимият қурилиш ишлари, йўл ва инфратузилма қурилиши, автотураргоҳларни бошқариш, чиқиндиларни қайта ишлаш, бозорлар, болалар боғчалари ва поликлиникалар ва ҳоказо. 

Шу бугундан тадбиркорларга айтишим мумкинки, бозорларни биргалашиб юритиш имконияти бор. Биз катта-катта бозорларни шаҳар ташқарисига олиб чиқишни режалаштирганмиз. 

Сизларга яхши бизнес таклиф этаман: автомобил бозорини Чинозга кўчириш масаласида. Агар бу ишга пул тикиб, сарфлаб кўчирмоқчи бўлса, бизнинг эътирозимиз йўқ», – дейди у. 

Шунингдек, Жаҳонгир Ортиқхўжаев барча улгуржи бозорлар, жумладан «Ўрикзор», «Бектўпи» бозорлари ҳам шаҳардан ташқари ҳудудларга кўчирилиши мумкинлигини билдирди.

Алишер Рузиохунов
Тайёрлаган Алишер Рузиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид