Ўзбекистон | 07:34 / 20.06.2018
12106
2 дақиқада ўқилади

Солиқ қўмитаси қонунбузар тадбиркорлик субъектларини аниқлади

Фото: Давлат солиқ қўмитаси

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда ноқонуний фаолият билан шуғулланиб, соғлом рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатаётган тадбиркорлик субъектларини аниқлаш мақсадида, назорат тадбирлари ўтказилмоқда. 

Шу йилнинг 7-14 июнь кунлари республика ҳудудларида ўтказилган тадбирлар давомида тадбиркорлик субъектларига қарашли бўлган 407 та савдо шохобчасида қонунга зид равишда маҳсулотлар савдоси йўлга қўйилганлиги аниқланди. 

Хусусан, Германия, Чехия, Франция, Шотландия, Швеция, Италия, Голландия, Мексика, Россия, Қозоғистон ҳамда Тожикистон давлатларида ишлаб чиқарилган, ноқонуний йўллар билан республикамизга олиб келинган ва тегишли ҳужжатлари бўлмаган 333,3 млн. сўмлик алкоголь ҳамда 
177,9  млн. сўмлик тамаки маҳсулотлари сотилаётганлиги, 220,8 млн. сўмга назорат-касса машинасидан харид чекини бермаслик, 175,7 млн. сўм миқдоридаги кунлик нақд савдо пулларни яшириш ҳолатлари аниқланди ва чора кўриш учун тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди.

Тадбирлар давомида 523 нафар фуқаролар томонидан белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтмасдан, ноқонуний равишда республика ҳудудига олиб кирилган умумий қиймати 1,2 млрд. сўмлик товар моддий бойликлари: қурилиш моллари (ошхона, ҳаммом анжомлари), озиқ ва ноозиқ-овқат (шакар, салқин ичимликлар, товуқ гўшти, кир ювиш воситалари, DVD дисклар, кийим-кечак, пойафзал) маҳсулотлари ҳамда истеъмол (тамаки, алкоголь) товарлари билан савдо қилиш ҳолатлари аниқланди. 

Шу билан бирга, ўтказилган тадбирларда 455та озиқ ва ноозиқ-овқат, ўсимлик ёғи ҳамда алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқариш цехлари давлат рўйхатидан ўтмаганлиги маълум бўлди. 

Профилактик тадбирлар давомида 334та яширин цехлар ва 2679та якка тартибдаги тадбиркорларда ёлланма ишчи сифатида хизмат қилаётган 2026 нафар жисмоний шахслар фаолияти қонунийлаштирилиб, 5537 нафар норасмий равишда якка тартибдаги тадбиркор сифатида ишлаётган фуқаролар белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид