Ўзбекистон | 07:42 / 21.06.2018
44194
5 дақиқада ўқилади

ИИВнинг ихтисослаштирилган мактаб-интернати ташкил этилди

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг ихтисослаштирилган мактаб-интернати фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Касб-ҳунар таълими марказининг:

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Ҳарбийлаштирилган махсус мактаб-интернат негизида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг ихтисослаштирилган мактаб-интернатини ташкил этиш;

ихтисослаштирилган мактаб-интернатни Тошкент шаҳар, Учтепа тумани, М.Шайхзода кўчаси, 64-уй манзилида жойлашган Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 1-сонли Тошкент академик лицейи биносига жойлаштириш;

Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек тумани, Гёте кўчаси, 54-уй манзилида жойлашган Мирзо Улуғбек тумани политехника касб-ҳунар коллежининг бино ва иншоотларини тегишли ҳудуди билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 1-сонли Тошкент академик лицейига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида, шунингдек, бошқа асосий воситаларини бепул бериш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди.

Белгиланишича, Мирзо Улуғбек тумани политехника касб-ҳунар коллежига 2016-2017 ўқув йилида ўқишга қабул қилинган ўқувчилар ўқишларини ўз мутахассисликлари бўйича ушбу касб-ҳунар коллежи биносида тамомлайдилар ва уларга давлат намунасидаги дипломлар белгиланган тартибда берилади.

Қуйидагилар ихтисослаштирилган мактаб-интернатнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

ички ишлар органларининг, биринчи навбатда хизмат мажбуриятларини бажариш чогида ҳалок бўлган, шунингдек, хизматни ўташ давомида олган ярадорлиги, контузияси, касаллиги ва жароҳатланганлиги оқибатида ногиронликка учраган ёки вафот этган ҳарбий хизматчи ва ходимларининг фарзандларига таълим ва тарбия бериш ҳамда уларнинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилинишини таъминлаш;

ўқувчиларни умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандарти талабларига мувофиқ сифатли ўқитишни ташкил этиш, уларнинг Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академик лицейлари ва ҳарбий академик лицейларда ўқишни давом эттиришлари учун зарур ва етарли бўлган чуқурлаштирилган назарий ва касбий тайёргарлигини таъминлаш;

таълим жараёнига миллий, умуминсоний ва маънавий қадриятлар, тарихда аждодларимиз кўрсатган жасорат ва бугунги кундаги Ўзбекистон Қуролли Кучларининг қаҳрамонлик анъаналари асосида ўқувчиларни тарбиялашнинг самарали шакллари ва усулларини жорий этиш.

Белгиланишича:

ихтисослаштирилган мактаб-интернат фаолиятига раҳбарлик қилиш ва назоратни ташкил этиш, унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш - Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан амалга оширилади;

ўқув-тарбия жараёни самарадорлигини оширишга методик ёрдам кўрсатиш, дарсликлар ва ўқув-методик адабиётлар, мультимедиа иловалари билан таъминлаш, шунингдек, педагог кадрлар малакасини оширишни ташкил этиш - Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан амалга оширилади;

ихтисослаштирилган мактаб-интернат ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан Халқ таълими вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан келишган ҳолда тасдиқланади;

ихтисослаштирилган мактаб-интернатнинг шаҳодатланган ходимлари қонун ҳужжатларида ички ишлар органлари ходимлари ва уларнинг оила аъзолари учун белгиланган барча турдаги ҳуқуқ ва имтиёзлардан фойдаланади;

ихтисослаштирилган мактаб-интернатни сақлаш харажатлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади;

ихтисослаштирилган мактаб-интернатга ўқишга ҳар йилги қабул квотаси 50 нафар ўқувчини ташкил этиб, унинг 80 фоизи ходимлар ва 20 фоизи бошқа фуқаролар фарзандларига тақсимланади. Мавжуд эҳтиёждан келиб чиқиб, қабул квотасига ўзгартиришлар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Молия вазирлиги томонидан киритилади;

ихтисослаштирилган мактаб-интернатда ўқишга ходимлар ва бошқа фуқароларнинг умумтаълим муассасаларида 4-синфни тамомлаган фарзандлари (ўғил болалар) ҳар йилги қабул квоталарига мувофиқ танлов асосида қабул қилинади. Бунда, жамоат тартибини сақлашда, жанговар ҳаракатларда, террорчиликка қарши операциялар ўтказишда, фавқулодда ҳолат тартибини ҳуқуқий таъминлаш ва уларнинг оқибатларини бартараф этишда иштирок этган вақтда ҳалок бўлган ходимларнинг фарзандлари ўқишга танловсиз қабул қилинади;

ихтисослаштирилган мактаб-интернатда ўқувчилар 5-синфдан 9-синфгача белгиланган умумтаълим дастурлари асосида, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ ўқиш ва яшаш учун зарур шарт-шароитлар, тиббий хизмат билан бепул таъминланган ҳолда доимий яшаб таълим оладилар;

ихтисослаштирилган мактаб-интернатнинг 9-синф битирувчилари қонун ҳужжатларида белгиланган талаб ва имтиёзлар асосида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг академик лицейларига ўқишга қабул қилинади;

ихтисослаштирилган мактаб-интернатнинг Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академик лицейларига ўқишга кириш бўйича белгиланган талабларга жавоб бермайдиган ёки ушбу академик лицейларда ўқишни давом эттириш истагини билдирмаган 9-синф битирувчилари белгиланган тартибда ўзларининг доимий яшаш манзилида жойлашган умумий ўрта таълим мактабларининг 10-синфларида ўқишни давом эттириши ёки бошқа академик лицейларга ўқишга кириш учун саралаш имтиҳонларида иштирок этишлари мумкин.

Мавзуга оид