Ўзбекистон | 11:21 / 30.06.2018
9239
6 дақиқада ўқилади

Инновациялар солиқ имтиёзлари орқали қўллаб-қувватланишга муҳтож

Фото: Pixabay

Инновацион фаолиятни рағбатлантиришда солиқ имтиёзларининг роли Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2018 йилни “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилиниши, ҳамда мазкур йилга бағишланган алоҳида дастурнинг қабул қилиниши билан мамлакатимизда инновацион фаолиятни ривожлантириш йўлида катта ишлар бошланди. 

Хорижнинг илғор ва иқтисодий ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганадиган бўлсак, улар тараққиётининг асоси инновацион фаолиятга, тадқиқот ва ишланмалар (Research and Development) билан шуғулланиш ва уларни тижоратлаштиришни рағбатлантиришга алоҳида эътибор берилганида эканлигини кўришимиз мумкин. Давлат томонидан инновацион фаолиятни рағбатлантириш бевосита молиявий кўмак бериш  ва солиқ имтиёзлари шаклида эканини кўришимиз мумкин. Олимларнинг фикрларига кўра, инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлашда солиқ преференциялари ва имтиёзлари орқали рағбатлантиришнинг аҳамияти бевосита молиялаштиришдан кўра муҳимроқ. Негаки, мазкур рағбатлантириш узоқ муддатли характерга эга бўлади, ҳамда улар нафақат инновацион секторни, балки бошқа ишлаб чиқаришларни интенсив ривожланиши учун шарт-шароит яратади ва бутун миллий иқтисодиётни ўсишини таъминлайди.

Инновацион фаолиятни солиқ имтиёзлари орқали рағбатлантиришни Хитой Халқ Республикаси тажрибасида кўрадиган бўлсак, амалдаги қонунчилик инновацион фаолият билан шуғулланувчи корхоналар учун солиқ солинадиган даромадга нисбатан турли чегирмалар тақдим этади. Бунда мамлакат инновацион фаолият олиб бораётган корхоналарни қўллаб-қувватлаш мақсадида, юқори ва янги технологияли корхоналар (High and New Technology Enterprises (HNTE)) дастурини амалга оширмоқда. Илмий-тадқиқот ва ишланмалар бўйича қонунда белгиланган преференцияларга эга бўлиш учун, корхона юқори ва янги технологияли мақомига эга бўлиши керак. ХХР “Корхоналардан олинадиган фойда солиғи тўғрисида”ги қонуни (Corporate Income Tax Law of China) 28-моддасига асосан, юқори ва янги технологияли корхоналарга фойда солиғи қонунчиликда белгиланган ставкадан 15% кам миқдорда белгиланади.

Инновацион фаолиятни солиқлар орқали рағбатлантиришда Япония давлати катта тажрибага эга бўлиб, мазкур фаолиятга 1952 йилдан эътибор бериб келинган. Японияда асосан, илмий жиҳозларга тезлаштирилган амортизациялаш тизими, чет эл технологияларини харид қилиш учун махсус имтиёзлар, илмий-тадқиқот харажатлари учун махсус чегирмалар кўринишида тақдим этилган. Илмий-тадқиқот ва инновацияларга бўлган махсус эътибор туфайли, Япония бугунга келиб дунёнинг саноати ривожланган давлатларидан бирига айланган. Япониянинг Глобал инновация индексида 14-ўринни эгаллаши ҳам бежизга эмас. 

МДҲ давлатларидан Беларусь Республикасида инновацион фаолиятга алоҳида эътибор бериб келинмоқда. Бу мамлакатда инновацион фаолият субъектлари учун турли солиқ имтиёзлари белгиланган. Масалан,  инновацион товарлар ва юқори технологияли товарлар реализациясидан олинган фойда юридик шахслар учун олинадиган фойда солиғидан озод этилган. Шунингдек, ихтиро, фойдали модел, саноат намунаси, селекция ютуғи, интеграл микросхемалари топологияси, ишлаб чиқариш сирларига (ноу-хау) бўлган мулкий ҳуқуқлар реализацияси бўйича айланмалар қўшилган қиймат солиғидан (ҚҚС) озод қилинган.

Ўзбекистон Республикасида фан-техника тараққиётини ривожлантириш, ҳамда инновацияларнинг ривожланиши учун мазкур инновацион фаолият субъектларини солиқлар орқали қўллаб-қуватлашни кучайтириш муҳим аҳмият касб этади. Амалдаги солиқ қонунчилигида инновацион фаолиятни солиқ имтиёзлари орқали ривожлантиришга қаратилган кўп қоидалар мавжуд эмас. Фақатгина Солиқ кодексининг 208-моддасида бюджет маблағлари ҳисобидан бажариладиган илмий-тадқиқот ва инновация ишларини реализация қилиш оборотлари қўшилган қиймат солиғидан озод қилиниши белгиланган. Яъни бюджет ташкилотлари ҳисобланувчи илмий текшириш муассасалари ёки бюджет маблағлари олувчилар томонидан бажарилган инновация ишларигина ҚҚСдан озод қилиниши мумкин.

Юқоридаги имтиёзни нодавлат ташкилотлари ёки хусусий маблағлар  ҳисобига амалга ошириладиган илмий тадқиқот ва инновация ишлари учун ҳам татбиқ этиш зарур ҳисобланади. Мазкур ўзгартиришни киритиш мулкчилик шаклидан қатъий назар ҳар қандай ташкилотлар томонидан бажариладиган илмий тадқиқот ва инновация ишларини реализация қилиш билан боғлиқ оборотни ҚҚСдан озод қилинишига олиб келади ва инновацион фаолият билан шуғулланувчи  тадбиркорлик субъектларига қўшимча рағбат бўлиб хизмат қилади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси солиқ қонунчилигида ҳам корхоналарнинг  илмий тадқиқотни амалга ошириш ва янги технологиялар, янги маҳсулотлар ва янги техникалар яратиш билан боғлиқ амалга оширган харажатларини солиқ солинадиган даромаддан чегириш бўйича қоида киритилса, тадбиркорлик субъектлари мазкур фаолиятни юритиш бўйича ҳар қандай харажатларни чўчимасдан амалга оширган бўлар эдилар

Яна бир ҳолатга эътибор бериш зарурки, энергия тежамкорлиги ҳамда сув истеъмолини фойдаланишда тежамкор технологияларни ўз фаолиятида қўллаб келаётган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш масаласи ҳам мавжуд. Амалдаги солиқ қонунчилигида фақатгина  томчилатиб суғоришдан фойдаланаётган ягона ер солиғи тўловчилари учун томчилатиб суғориш технологиялари қўлланилаётган ер участкалари мазкур суғориш тизими жорий қилинган ойдан бошлаб 5 йил муддатган ягона ер солиғидан озод қилиш белгиланган холос. Ҳаммага маълумки, мазкур технологиялар нархи баланд бўлади ва ҳар қандай фермер хўжалиги ҳам уларни чет элдан олиб кириб татбиқ қилиш имкониятига эга эмас. Шунинг учун солиқ қонунчилигида томчилатиб суғориш ёки бошқа сув тежамлилигини таъминлайдиган технологиялар импортини хам божхона тўловларидан озод қилиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Давлат томонидан инновацион фаолиятни солиқ преференциялари ва имтиёзлари орқали рағбатлантиришни янада кучайтириш лозим. Солиқ имтиёзлари орқали инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш мамлакатдаги инновацион муҳит учун қулай шарт-шароит яратиб беради. Инновацияларни солиқ имтиёзлари ва бошқа рағбатлантириш воситалари орқали қўллаб-қувватлаш мамлакатни технологик ва ишлаб чиқариши ривожланган давлатга айлантиришда муҳим роль ўйнайди.

Тошкент давлат юридик университети ўқитувчилари
И.Тўрабоев - LLM. American University (АҚШ)
М.Бердикулов - LLB. University of Wolverhampton (Англия)

Мавзуга оид