Мамлакат тараққиётида оммавий ахборот воситаларининг ўрни беқиёс. Амалдорларнинг коррупцион жиноятлари, масъулларнинг ҳаракатсизлиги қандай мудҳиш оқибатларга олиб келгани, ҳамма биладиган, аммо қарши курашолмайдиган кўплаб иллатлар айнан матбуот юзини кўргандан кейин фош этилгани, ечим топганига дунё тажрибасидан кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Шунинг учун ҳам президент Шавкат Мирзиёев журналистларга қарата «Танқид қилинглар. Бу учта-тўртта қарордан ҳам кўпроқ таъсир қилади», дея уларни фаолликка чақириб келади.

Ўзбекистонда кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш жараёнида ОАВнинг роли кун сайин ошиб бормоқда. Шу билан бирга, соҳа ривожига тўсиқ бўлаётган айрим масалалар ҳам борки, улардан бири оммавий ахборот воситаларини солиққа тортиш билан боғлиқ. Ўзбекистондаги бир қатор интернет нашрлари раҳбарлари Kun.uz мухбири билан суҳбатда бугунги кунда таҳририятлар зиммасидаги солиқ ставкалари миқдори юқори экани, бунинг салбий оқибатлари ва уларнинг ечимлари ҳақида сўз юритишди.

Лола Исломова, Anhor.uz нашри бош муҳаррири:

– Таҳририятимиз унчалик катта эмас, айланмамиз ҳам кўп эмас. Шунинг учун иш ҳақидан 12 фоиз даромад солиғи ва 12 фоиз ягона ижтимоий тўлов ҳамда даромадимиздан 4 фоиз ягона солиқ тўлови тўлаймиз. Тахминимча, Ўзбекистондаги аксарият таҳририятлар, агар қандайдир истиснолар бўлмаса, худди шу тарзда ишлашади. Анчагина тўлов йиғилиб қолади.

Ягона солиқ тўлови 6 фоиз бўлган даврларни яхши эслайман. Индивидуал тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган оммавий ахборот воситалари ҳам бор ва уларнинг сони кам эмас. Бу камроқ солиқ тўлаш ва камроқ ҳисобот топшириш мақсадидаги мажбурий чора бўлган деб ўйлайман.

Кўп сонли ходимлар штатига эга, офис ижараси ва бошқа чиқимлари кўп бўлган, камига ҚҚС тўловчиси бўлган йирик оммавий ахборот воситаларига ҳаммадан кўра қийинроқ. Ўзбекистонда цивилизацияли реклама бозори шаклланмаган. Шу сабабли бозордаги рекламаларнинг умумий суммаси катта эмас. Рақамларни эслай олмайман, бироқ бу маълумотлар маркетологларда бор.

ОАВ оёққа туриши учун камида икки йил талаб этилади. Шунда ҳам иш бошланган вақтда яхши молиявий маблағ ажратилган бўлса. Кўпчилик ҳеч қандай молиявий инвестициясиз иш бошлайди, шу сабабли ўзининг молиявий ҳолатини ўнглаш, оёққа туриш, ўзини ўзи таъминлай оладиган даражага етиш кўп вақт олмоқда. Ҳамма ҳам бундай марафонга дош бера олмайди ва ушбу босқичда фаолиятини қисқартириши мумкин. Менимча, шаклланиш босқичида барча оммавий ахборот воситалари қўллаб-қувватлаш ва солиқ имтиёзларига муҳтож.