2020 йил 3 апрель куни Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев раислигида коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқирозга қарши курашиш шароитида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилганди.
Йиғилиш натижаларига кўра корхоналарга ва якка тартибда ишловчи тадбиркорларга қўшимча солиқ имтиёзлари берилди, хусусан, туристик ва меҳмонхона фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар шу йил якунига қадар ер ва мол-мулк солиқларини тўлашдан озод этилди, барча корхоналарнинг банклардан олинган кредитлар бўйича қарзларни тўлаш муддатлари узайтириб берилди (умумий 12 триллион сўм миқдорида), юридик шахсларнинг табиий газ ва электр энергияси учун олдиндан тўлов мажбурияти амалдаги 100 фоиздан 30 фоизга туширилди, асосий истеъмол товарларини импорт қилишда божхона божи ва акциз солиғи ундирилмаслиги ва бир қанча ўта муҳим чоралар белгиланди.
Бугунги кунгача тадбиркорларни ҳимоя қилиш борасида амалга оширилган ишлар кўпроқ давлатнинг ўз қонуний даромадларидан воз кечиш ва корхоналарнинг айланма маблағларини имкон қадар сақлаб қолишга қаратилган.
Аҳолининг кам даромадли қатламларини ҳимоя қилиш борасида эса болали оилаларга нафақа, бола парваришлаш нафақаси ва моддий ёрдамларни тўлаш учун муддатини 6 ойдан 1 йилгача автоматик узайтириш, бошқа муҳтож оилаларга ҳам шундай нафақалар тайинлаш, карантин даврида ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга 18 турдаги асосий озиқ-овқат ва гигиена товарларини бепул етказиб бериш каби тўғридан-тўғри моддий ёрдам бериш механизмлари жалб этилганини айтиб ўтиш мумкин.
Лекин деярли икки ҳафта ўтгандан сўнг тадбиркорлар муҳитида карантин муддати ва ундан кейин бўладиган иқтисодий шароит ҳақида мунозаралар яна кучаймоқда. Асосий масалаларни қуйидаги саволлар кўринишида муҳокама қилишимиз мумкин:
1. Карантин муддати давомида, яъни 20 апрелгача Covid-19’нинг тарқалиш суръатларини пасайтириш жараёнини жиловлаб бўлармикан?
2. Карантин шароитида бўлса ҳам, мавжуд чекланишларни бироз қайта кўриб чиқиш эвазига (умумий ҳушёрликни бузмаган ҳолда), қандай қилиб фаолиятни секин-аста жонлантириш мумкин?
3. Агар касаллик тарқалишини тўла жиловлашга эришилмаса, карантин муддати узайиш эҳтимоли катта бўлса, вақтинча таътил берилган, уйда ишлашга ўтказилган ходимлар билан апрель ойи учун ойлик маош тўловлари қайси манба ҳисобига бўлади? Ахир мамлакат иқтисодиётининг 60 фоизи ички маҳсулотини яратаётган кичик ва ўрта корхоналарда бугунги кунда оборот маблағлари қолмаган ва ана шу ойлик маош тўловлари учун манба йўқ (дори-дармон ва озиқ-овқат тизими ва дўконларидан ташқари);
















